Жавоб кутиб ўтирманг. Нега Тошкент шаҳар ҳокимлиги қонунга амал қилмайди
Ҳоким ўзида ҳокимият ва адолатни мужассам этади. Шундай бўлиши ҳам керак. Бу давлат бошқаруви тизими билан белгиланган. Бироқ унда нега ҳар бир нашрнинг почта қутиси ҳокимликлар иштирокидаги адолатсиз вазиятларни кўриб чиқиш илтимоси билдирилган хабарларга тўла? Ҳа, одамлар таҳририятдан ёрдам сўрамоқда, чунки ҳокимият ё сукут сақлайди ёки стандарт жумлалар билан жавоб беради. Чорасизликдан, қонунсизликдан, амалдорларнинг ўзбошимчалигидан, жазосиз қолишига бўлган ишончидан журналистларнинг ҳам хафсаласи пир бўлган.
«Нега бу савол билан менга мурожаат қилмадингиз?» – деб сўради бир куни Anhor.uz муҳарриридан 78-уйни истиқомат қилувчилари билан бирга бузишга буйруқ берган, эндиликда собиқ Шайхонтоҳур тумани ҳокими. Чиндан ҳам, сўра ва жавоб ол – бундан осони бор эканми? Бунинг устига журналистларга 7 кун ичида жавоб бериш кераклиги қонунда белгиланган бўлса, қолганлар 15 кун ичида жавоб олишга умид қилишлари мумкин. 2015 йилда қабул қилинган “Давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун, кўпчилик амалдорлар эътиборсиз қолдиришга уринадиган қонун шу йил баҳорида янгидан жонланди.
Давлат ҳокимиятини ўзида мужассам этган киши сифатида Тошкент шаҳар ҳокимига шаҳардаги нуқтали ва бошқа қурилишлар ҳақида унинг (ёки ундан олдинги ҳокимнинг) қарорларига тегишли конкрет саволлар юборилган эди. Жавобларни нафақат таҳририят, балки хат муаллифлари, ғамхўрлик қилиш Президент томонидан шаҳар ҳокимига топширилган тошкентликлар ҳам кутмоқда.
Масалан, Чилонзор туманининг 19-мавзесида бузиб ташланган автомобиль тураргоҳи эгаларининг алданиш воқеаси икки йилдан буён фуқароларнинг асаббузарликларига сабаб бўлмоқда. Туман ҳокимлиги автотураргоҳни бузиб ташлаб, шаҳар ҳокимининг 2018 йил 12 январдаги 62-сонли қарори асосида унинг ўрнида кўп қаватли автотураргоҳ қурилишини ваъда қилган эди. Бунинг учун ҳатто Ast Lider масъулияти чекланган жамиятига 0.74 га майдон ҳам ажратилди.
Бузилаётган гаражларнинг эгалари кўп қаватли автотураргоҳдан навбатдан ташқари жой тақдим этилиши кафолати ҳақида кафолат хатларини ҳам олган. Ҳамма жойда кўп қаватли автотураргоҳ барпо этилиши ҳақидаги баннерлар осиб ташлангани учун фуқаролар хотиржам эди.
Бироқ, аҳолини алдашган экан – кўп қаватли автотураргоҳ қуришни ваъда қилган Чилонзор туман ҳокими Даврон Ҳидоятов сўзида турмади. Автотураргоҳ ўрнига кўп қаватли уй қад ростлади, Даврон Ҳидоятов эса шаҳар ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари лавозимига ўтиб кетди, энди унга ҳеч кимнинг қўли етмаяпти. Аҳолига эса “хоҳлаган жойингизга бориб шикоят қилаверинг” деган маънода қўл силтаб қўйишган.
2019 йил 5 август куни таҳририят шаҳар ҳокимига қатор саволлар берилган хатни юборди: юқорида тилга олинган 2018 йил 12 январдаги 62-сонли қарор бажарилмаганига ким айбдор? Ваъда қилинган ва ер ажратилган автотураргоҳ ўрнига уй қуриш учун ким ва қандай асосда рухсат берди? Ва, ниҳоят автотураргоҳи алдов йўли билан бузиб ташланган аҳоли ҳамда янгидан қурилаётган уйларда истиқомат қилувчи аҳоли учун автотураргоҳ масаласи қай тарзда ҳал этилади?
Ҳозирнинг ўзидаёқ жавоб олиш муддатлари уч марта бузилди, аммо “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги, “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги қонунлар, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олишга берилган сўровларни қабул қилиш, рўйхатга олиш ва ишлов бериш тартиби тўғрисида”ги йўриқнома мавжудлигига қарамасдан ҳамон уларга жавоб йўқ.
19 августдаги иккинчи хатда таҳририят «DONO SIFATLY SAVDO» масъулияти чекланган жамияти томонидан MODERN STROY бренди остида Юнусобод туманининг Уста Ширин ва Боғиравон кўчалари кесишмасида қура бошланган учта 12 қаватли уй борасида сўров билан мурожаат қилди. Бу ўтган асрнинг 50-йилларида индивидуал уй қуришга ажратилган ҳудуд. 1966 йилги зилзиладан кейин ўтказилган ундаги барча коммуникациялар – совуқ сув таъминоти, канализация, газ қувурлари, трансформатор киоскалари ва электр тармоқлари индивидуал уйларни таъминлашга мўлжалланган.
Аммо 4 та маҳалла (Мискин, Туркқўрғон, Янги Ариқ, Жомий) аҳолисининг қатъий эътирозларига, барча идораларга юборган бир нечта жамоавий шикоятларига қарамасдан, бу ерда 288 та хонадонга мўлжалланган 12 қаватли учта уй барпо этилмоқда. Шу ўринда, қурилиш Тошкент шаҳар Бош қурилиш бошқармаси билан мувофиқлаштирилмаганини ҳам айтиш жоиз, бундан ушбу муассасанинг фуқаро М.Турсунов ва бошқаларга шаҳар бош архитектори Н.Сагатов имзоси остида берилган 2019 йил 22 апрелдаги 16-2/505-сонли жавоби ҳам далолат бермоқда.
Маҳалла фаолларининг сўзларига кўра, шаҳар ҳокимлиги томонидан иккита икки қаватли эски уй ўрнида баландлиги 4 қаватдан ошмайдиган фақат иккита уй қурилишига рухсат берилган. Энди эса маҳалла марказида 12 қаватли учта уй, яъни лойиҳада кўрсатилганидан уч баравар баланд бўлган уйлар барпо этилади. 2019 йил март ойида “Мискин”, “Янги Ариқ”, “Туркқўрғон” ва “Жомий” маҳаллари аҳолиси шу масалада Ўзбекистон Президенти қабулхонасига жамоавий хат билан мурожаат қилган. Бироқ жавоб олмаганларидан кейин, июнь ойида режалаштирилган қаватли уйлар қурилишини назорат остига олиш илтимоси билан жамоавий хат орқали шаҳар ҳокими Артикходжаевга мурожаат қилишади, аммо яна жавоб олишмайди.
Ўзбекистон ШНК 2.07.01-3* , 21.1 бандига мувофиқ қўшни уйлар эгалари билан келишмасдан туриб уй қурилишига йўл қўйилмайди, бунда тураржойлар, хўжалик қурилмалари ва уй олди участкаларининг визуал изоляцияси таъминланиши, нормал ёритилиш шароитлари бузилмаслиги керак. Лекин 12 қаватли уйлардан индивидуал уйларнинг биринчи чизиғигача бўлган масофа бор-йўғи 31 метрни ташкил қилади, бу мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолат бўлиб, қурилиш нормаларининг қўпол бузилиши ҳисобланади. Бундан ташқари, ҳамма ҳовлилар кафтдай кўриниб туради.
Шу боис таҳририят, қонунларга таянган ҳолда, қурилиш параметрлари қандай ва нима учун ўзгарганини тушуниш ҳамда нега бир фуқаронинг ёки маҳалланинг эмас, балки бирйўла тўртта маҳалланинг мурожаати қўпол тарзда эътиборсиз қолаётганини билиш мақсадида ҳужжатларнинг нусхаларини сўради.
Таҳририятнинг ҳоким ижрочи аппаратига қилган қўнғироқларига: “Биз қонун асосида эмас, шаҳар ҳокимлигининг регламенти асосида ҳаракат қиламиз”, деган ғаройиб жавоб олинди. Хатлар эса турли манзиллар бўйича саёҳат қилишда давом этмоқда. Ҳокимлик ходимлари биз турли муассасаларга қўнғироқ қилиб, ҳокимиятга берилган саволларга жавоб изламасдан, сўров юборилган муассасадан жавоб олишимиз кераклигини айтиб, гўшакни қўйиб қўйишмоқда. Демак, хулоса қилдик биз, ҳокимлик регламенти Ўзбекистон Республикаси қонунларидан устун турар экан. Лекин бундай бўлмаслиги керак… Аммо, афсуски, кўп ҳолларда турли мансабдор шахслар қонунни бир четга суриб қўйиб ишлаётганини кўрамиз, ҳозирча улар жазодан қутилиб қолмоқда.
Тўғри, шаҳар ўсиши ва ривожланиши керак, аммо у аҳолининг иродасига қарши бормасдан ривожланиши зарур. Шаҳар келажагини қурилиш эгасининг иродаси белгиламаслиги лозим.
Тошкент ўйловсиз, аҳолининг истакларига қарши ва қурилиш нормаларига зид равишда, ижтимоий оқибатларини ўйламасдан қурилган бинолар майдончасига айланмаслиги керак.
Агар бу ҳақда архитекторлар, шаҳар қурилиш бош бошқармаси, лойиҳачилар ва қурувчилар ўйламаса, буни шаҳар ҳокими қилиши лозим. Акс ҳолда у бу лавозимга нега тайинланди?
Румия Анварова
Шарҳлар