Депутатлар тўй, маърака ва юбилейлар ўтказилишини назорат қилади
14 сентябрь куни Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси Кенгашларининг қўшма йиғилиши ўтказилди. Унда Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотираларига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида Низом тасдиқланди. Талабларга амал қилинишини назорат қилиш ишлари Қорақалпоғистон Республикаси Жокарги Кенеси, вилоят, туман ва шаҳар халқ депутатлари кенгашларининг зиммаси юкланди.
«Замон оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш, жамиятда ижтимоий адолатни таъминлаш, аҳолида, айниқса, ёшларда бундай масалаларда тежамкор бўлиш мақсадида оилавий тадбирларни қатъий тартибга солишни талаб қилмоқда», – дейилади Сенат хабарида.
Низомга кўра, оилавий тадбирлар (дафн маросимидан ташқари) фақат бир кун соат 06:00 дан 23:00 гача ўтказилиши керак.
- Соат 23:00 дан кейин оилавий тадбирларни давом эттиришга йўл қўйилмайди.
- Оилавий тадбирларда 200 гача киши қатнашиши мумкин.
- Ўзаро боғланган тўй тантаналарида 250 тагача киши, улар билан боғлиқ пазандалик маросимларида эса 300 тагача киши қатнашиши мумкин.
- Дафн маросимлари ва маъракалар чекланмаган миқдордаги кишилар иштирокида кўпи билан уч кун ўтказилади, ош тайёрлаш маросими бундан мустасно.
- Оилавий тадбирларни ўтказишда қуйидаги талабларга амал қилиш лозим:
- Тўй маросимларини ўтказаётган шахслар яшаш жойи бўйича ўзини-ўзи бошқариш органларини тадбирдан камида бир ҳафта олдин хабардор қилишлари керак;
- Келиннинг тўйга келиши ва кетиши билан боғлиқ оилавий тадбирлар учун кўпи билан учта автомобилдан фойдаланилади;
- Бунда маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигига путур етказмаслик, жамиятда шаклланган ахлоқий нормаларга қатъий амал қилиш талаб қилинади.
Шарҳлар