Ник Вуйчич Тошкентда: «Баъзида сизга мўъжиза керакмас, ўзингиз мўъжизага айланишингиз мумкин»

Ўзбекистон қўл-оёқсиз дунёга келган мотивацияловчи нотиқ Ник Вуйчич ташриф буюрган 71-мамлакатга айланди. У ўзи босиб ўтган йўл ҳақида Тошкентдаги Синергия Форумида гапириб берди.

Ник ота-онаси аралашмагунича Австралияда ногиронлар учун мўлжалланган мактабга боради.

«Мен туғилган пайтда ногирон болаларга умумтаълим мактабига бориш имконини берадиган қонун йўқ эди. Шунда онам ҳукуматга боради ва “Балки ўғлим умумтаълим мактабида ўқий олар?” дейди. Шу тариқа ҳукумат қонунни ўзгартирди», – дея қайд этди Ник Форумда, унинг ҳар бир кучли жумласини томошабинлар қарсаклар билан кутиб оларди.

Форумда сурдотаржима ҳам қўлланди. Ник Вуйчич таржимонга қилаётган иши учун миннатдорчилик билдирди ва сурдотаржимани билишини айтди.

«Оёғимни кўряпсизми, [икки бармоқли оёғини кўтаради ва тинчлик белгисини кўрсатади] peace!».

Никнинг ҳазиллари кишиларнинг ҳайқириқлари билан кечарди: “Энг қўрқинчлиси нима, биласизми? Ҳар қандай одам мени кўтариб олиши ва уйига олиб кетиши мумкин”.

Ник Вуйчич нотиқлик борасида ҳафтасига 100 та таклифнома олади, бу йил Вуйчичнинг жамоаси 35 000 марта рад жавобини берган. Бир пайтлар Вуйчичнинг ўзи мотивацияловчи нутқ билан чиқишни истаган мактаблардан 52 марта рад жавобини олган эди. У ўз нутқида залда ўтирганлар бежиз бу ерга келмаганини, чунки уларнинг ҳар бири Ўзбекистонда кимгадир ёрдам бериши мумкинлигини қайд этди.

«Баъзида сизга мўъжиза керак эмас, ўзингиз мўъжизага айланишингиз мумкин. Сиз хатолик эмассиз, сиз тасодиф эмассиз. Агар менинг оёқ-қўлларим бўлганида, мен одамларни қучоқлаган бўлардим, аммо уларни ўзимнинг меҳрим билан қучоқлайман. Бундан умид топинг».

Форум олдидан Ник Вуйчич журналистларнинг саволларига жавоб берди. Anhor.uz мухбирининг фарзанди ногирон бўлиб туғилган ота-оналар нима қилиши керак деган саволига Ник шундай деб жавоб берди:

«Мен дадам ўлишидан олдин китоб ёзиб қолдиргани учун ундан жуда миннатдорман. Китоб Raising the perfectly imperfect child деб номланади. Кўпчилик менга: “Сенинг ота-онанг ақл бовар қилмайдиган кишилар” дейди. Мен ҳам ота-онамга сизлар ақл бовар қилмайдиган кишиларсиз деганман. Улар бу фикрга қўшилмасди ва шундай жавоб беришарди: “Биз сени шунчаки яхши кўрганмиз. Биз Худони яхши кўрамиз. Биз қўлимиздан келган ишни қилдик. Ўз кучингни синаб кўрмагунингча нималарга эришишинг мумкинлигини биз билмасдик. Ота-онам мендан уялмаган, улар мени улғайтирган, руҳлантирган”.

Форумнинг ўзида залда ногирон кишилар бор эди. Улардан айримларининг сўзларига кўра биринчи қаторда ўтиришлари керак экан, аммо охир-оқибатда орқада қолиб кетишган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.