Андижон вилоят ҳокимлиги: «Аёллар очлик эълон қилган видео июль ойида олинган»

Андижон вилоятининг Балиқчи туманидаги “Ифтихор” маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаролар билан келишмовчилик бартараф этилди, дея хабар беради «Фергана» нашри вилоят маъмуриятининг матбуот хизматига таянган ҳолда. Кеча тармоқда уйлари бузилганлиги учун компенсация тўланмаганига норозилик сифатида очлик эълон қилган аёллар ҳақидаги видео пайдо бўлганди.   

Ҳокимлик берган баёнотда маҳалла фуқароларининг уйлари уларни авария ҳолатида деб тан олган давлат архитектура-қурилиш инспекциясининг қарори ва уй эгаларининг розилиги билан  бузилгани айтилади.

Маъмурият вакилларининг сўзларига кўра, бузилган уйлар ўрнига фуқароларга “Гуравон” маҳалласида бепул уйлар таклиф қилинган.

Бироқ улар уйларни рад этиб, янги квартира харид қилиш учун олган кредитларини узишда уларга ёрдам беришларини сўрашган. Бундан олдин уларга имтиёзли қарзлар ажратилган эди, дея қайд этади матбуот хизмати.

Шу билан бирга, маъмурият вакилларининг айтишича, маҳалла фуқаролари бузилган уйлари учун компенсация тўланмаганига норозилик белгиси сифатида очлик эълон қилгани акс этган видео июль ойида ва туман маъмурияти олдида эмас, балки ундан 13 км масофада олинган.

Ҳокимлик вакиллари митингда қатнашган тўққиз нафар кишида уларнинг мулкини тасдиқловчи ҳужжат бўлмаган, бироқ туман маъмурияти уларга зарур ҳужжатларни рўйхатдан ўтказишда ёрдам бераётганини қайд этишди.

Шунингдек амалдорлар митинг қатнашчиларидан бири Малоҳат Исоқованинг ҳукумат ҳеч бўлмаганда уйлар турган ер участкаларининг қийматини компенсация қилиши керак, деган сўзларига изоҳ берди. “На Малоҳат Исоқованинг, на маҳалладаги бошқа фуқароларнинг мулкида участка бўлмаган. Бу давлатнинг ери”, – дейилади баёнотда.

Матбуот хизмати биринчи роликдаги митинг иштирокчиси бўлган аёл видеомурожаат икки ой олдин тасвирга олинганини ва ҳозирги кунга келиб барча муаммолар ҳал этилганини тасдиқлаган ўз видеоролигини чоп этди. “Бу ерда тушунмовчилик юз берган. Ўша куннинг ўзидаёқ ҳоким келиб, бизни қўллаб-қувватлашини айтди. Бизга 6 ой ичида янги уй қуришларини ваъда қилишди. У пайтда биз ижарада турардик, бизни ўз муддатида янги уйларга кўчиришди. Бу ерда барча шароитлар мавжуд, кўчалар кенг. Ҳаммаси ўз вақтида бўларкан, биз хулоса чиқаришга бироз шошилибмиз”, — дейди аёл.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.