Экологик партия дарахт кесишга мораторий эълон қилишни тезлаштиришга чақирмоқда. Ҳозирнинг ўзидаёқ Тошкентнинг 4 та нуқтасида дарахтлар кесиляпти
Ўзбекистон экологик партияси дарахт кесишга мораторий эълон қилишни тезлаштириш ва дарахтларнинг ноқонуний кесилиши учун жавобгарликни қатъийлаштиришга, жумладан қимматли ўсимлик турлари учун жиноий жавобгарликка тортишга чақирмоқда. Бу ҳақда Kun.uz хабар беради.
Шунингдек экопартия ҳокимликларга ва Давлат экология қўмитасига дарахтлар кесилиши ва янги кўчатлар экилиши ҳақида фуқароларни олдиндан хабардор қилиш мажбуриятини юклашни таклиф этмоқда.
Бундан ташқари, дарахтлар ва буталарнинг ҳолатини аниқлаш бўйича комиссия таркибига ўсимликларнинг ҳолати ҳақида хулоса берадиган ботаник-мутахассисларни киритиш таклиф қилинди.
Партия аъзоларининг сўзларига кўра, дарахтларнинг ноқонуний кесилиши учун жавобгарликни қатъийлаштириш, жумладан қимматли ўсимлик турлари учун жиноий жавобгарликни жорий этиш керак.
Блогерларнинг хабарларига кўра, ҳозирнинг ўзидаёқ Тошкентнинг Дархон, Нукус, Қорасув кўчалари ва мавзеларида ҳамда Шаҳрисабз кўчасида дарахтлар кесилмоқда.
Шарҳлар