Тошкентда овқатланиш билан боғлиқ касалликлар бўйича анжуман бошланди

Бугун Тошкентда Орегона соғлиқни сақлаш ва фанлар университети (OHSU), Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва “Соғлом авлод учун” ХНХФ томонидан ташкил қилинган овқатланиш масалалари бўйича халқаро конференция ўз ишини бошлади.

АҚШ элчихонаси томонидан тақдим этилган грант америкалик тадқиқотчиларга, давлатнинг муҳим мансабдор шахсларига, тиббий таълим муассасалари ва ноҳукумат ташкилотларнинг вакилларига биргаликда тўпланиб, овқатланишнинг роли ва Ўзбекистон аҳолисининг умумий саломатлигини яхшилаш учун бу билимлар қандай қўлланиши мумкинлиги ҳақида охирги йилларда олиб борилган илмий тадқиқотлар натижаларини муҳокама қилиш имконини берди.

Анжуманда бутун дунё тан олган олимлар овқатланишнинг семириш, қандли диабет ва юрак касалликлари каби хасталиклар ривожланиши хавфига қандай таъсир кўрсатиши, бир авлоднинг овқатланиш тарзи қай йўсинда кейинги авлодлар саломатлигига таъсир кўрсатиши ҳақидаги энг янги илмий ютуқларни тақдим этадилар.

Ўсмир қизлар ва туғиш ёшидаги аёлларнинг ҳомиладор бўлишгача соғлом овқатланиши табдирнинг муҳим мавзуларидан бирига айланди. Шу билан бирга, анжуманда британиялик марҳум шифокор ва тадқиқотчи доктор Дэвид Баркернинг “Она қорнида озиқланиш” деб номланувчи китобининг рус тилидаги нашри ҳам тақдим этилади.   

Анжуманнинг асосий мақсади – мамлакат саломатлигига узоқ муддатли ижобий таъсир кўрсатишни таъминлаш ва Ўзбекистонни соғлом миллатни шакллантириш масалаларини тушунишда ва уларни амалиётга татбиқ этишда етакчи мамлакатлардан бирига айлантириш учун илм-фан соғлиқни сақлаш соҳасидаги сиёсатга ва таълим амалиётига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган усулларни топишдан иборат.
 
Саломатлик кўрсаткичлари ва уни баҳолаш институти томонидан яқинда чоп этилган “Касалликларнинг глобал юки” номли тадқиқоти Ўзбекистон мувозанатлаштирилмаган овқатланишдан нобуд бўлаётганлар сони бўйича рўйхатнинг олдинги қаторларидан жой олганини кўрсатмоқда. Хусусан, 1990-2006 йилларда Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотига аъзо Европа мамлакатларига қараганда Ўзбекистонда овқатланиш билан боғлиқ юрак-қон томир касалликларига чалиниш ҳолатлари кўпроқ бўлган. Бу ўлимлар таркибида кўп миқдорда натрий моддаси борлиги, таркибида клетчатка кам бўлган оқ ундан тайёрланган маҳсулотлар кўпроқ истеъмол қилиниши майдаланмаган бошоқлилардан тайёрланган овқатларнинг камлиги билан боғлиқ бўлган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.