Дарахтларни кесишга мораторий 2020 йил 1 февралга қадар жорий этилади

Давлат экология қўмитаси ҳукуматнинг  “Давлат ўрмон фондидан ташқари дарахтлар ва буталарни сақлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳасини ишлаб чиқди ва чоп этди. Ушбу ҳужжат Ўзбекистон бош вазири Абдулла Ариповнинг топшириғига кўра ишлаб чиқилди.

Унда 2020 йил 1 февралга қадар давлат ўрмон фондидан ташқари дарахтларни кесишга мораторий жорий этиш кўзда тутилган. Ҳужжат билан, агар қурилиши аҳоли пунктларида ўсаётган дарахтларни кесишга олиб келса, ушбу участкаларда тижорат объектларини қуриш ёки тижорат фаолиятини юритиш мақсадларида ер участкаларини тақдим этиш тақиқланади. Ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишга қўшимча қуйидаги талаблар ҳам белгиланди:

·         Қурилишнинг лойиҳа ҳужжатларида қурилиш объекти участкасида ўсаётган танасининг диаметри 5 см ва ундан катта бўлган дарахтларнинг камида 50% сақланиб қолиши, қолган дарахтлар эса бошқа жойга кўчириб экилиши ёки компенсацион экиш ишларини амалга ошириш йўли билан компенсация қилиниши керак;
·         ер сатҳида жойлаштириладиган автомобиль тураргоҳларини қуриш бўйича лойиҳа ҳужжатларида қурилиш объекти участкасида ўсаётган дарахтларнинг 100% сақланиши кўзда тутилиши лозим, хавфли ва қулаган дарахтлар ҳамда тарқалиши ва сони тартибга солиниши керак бўлган турларга кирувчи дарахтлар бундан мустасно;
·         2020 йил 1 январдан бошлаб қурилиш, реконструкция, реставрация ҳамда капитал таъмирлаш ва қурилиш объектларини ободонлаштириш, бузиш ишларининг лойиҳа ҳужжатларида, шунингдек қурилиш объектларини фойдаланишга қабул қилишда ўсимликлар оламига ва уларнинг ўсиш муҳитига зарарли таъсирнинг олдини олиш ва шундай таъсирдан муҳофаза қилишни таъминловчи чора-тадбирлар, компенсацион чора-тадбирлар ҳамда соҳадаги қоидалар ва нормативларга мувофиқ кўкаламзорлаштириш чора-тадбирлари кўзда тутилиши зарур.

Дарахт ва буталарни кесиш, қайта кўчириб экиш режалаштирилганида туман ёки шаҳар ҳокимлиги аҳоли пунктларида дарахтларни кесиш, бошқа жойга кўчириб экишга рухсат олиш тўғрисидаги масалани жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқиши лозим, бинолар, иншоотлар ва бошқа объектлардан, шу жумладан муҳандислик ва транспорт инфратузилмаларидан фойдаланишга тўсқинлик қилаётган дарахтларни кесиш, бошқа жойга кўчириб экиш ҳолатлари бундан мустасно.
 
Жамоатчилик дарахтлар кесилиши, бошқа жойга кўчириб экилиши ҳақида ўз вақтида хабардор қилинганидан кейингина, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари, ободонлаштириш органлари, экология ва атроф-муҳит муҳофазаси органлари, фавқулодда вазиятлар органлари ҳамда бошқа алоқадор органлар ва ташкилотларнинг вакиллари иштирокида, тегишли далолатномани тузган ҳолда дарахтлар ва буталар олинган рухсатномага мувофиқ кесилишига ва бошқа жойга кўчириб экилишига йўл қўйилади.

Қарор лойиҳасининг муҳокамаси 10 октябрга қадар давом этади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.