Бош прокуратура Фарғонадаги эркаклар устидан “самосуд” ҳолатига изоҳ берди
2019 йил 01 октябрь куни соат 06-30 ларда Ахмаджон Н. (1991 й.т.) таниши Аваз Х. (1968 й.т.) билан учрашиб, ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-тарож қилиш мақсадида олдиндан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб, фуқаро Алижон Т.га тегишли бўлган хонадонга юзларига ниқоб, махсус темир сейфларни очишга мўлжалланган қўлбола усулда тайёрланган темир мослама билан қуролланиб, яширин равишда кириб, уйда бўлган темир сейфни эшигини қайириб очиб, сейф ичида бўлган 12.500.000 сўм пулларни яширин равишда талон тарож қилиб, хона ичида бўлган ёстиқ жилдга пулларни солиб, хонадон ҳовлисини ўраган девор орқали чиқиб кетаётган вақтида хонадонда бўлган Алижон Т.ни турмуш ўртоғи Одина Т. уларни кўриб қолган ва баланд овозда бақириб, ўзининг қўшниларидан ёрдам сўраган.
Ахмаджон Н. ва унинг жиноий шериги хонадон деворидан ошиб, кўчага тушиб қочиб кетишган.
Одина Т.ни ёрдам сўраб бақирган овозини унинг қўшнилари эшитиб, хонадонга киришган ҳамда Ахмаджон Н. ва Аваз Х. ларни ўғирлик содир этиб, хонадондан қочиб кетишганлигидан хабардор бўлиб, уларни ушлаш учун ҳозирда тергов давомида шахсларини тўлиқ аниқлаш имкони бўлмаган бошқа қўни-қўшнилари билан бирга уларни ортидан қувлаб, Олтиқуш қишлоғида жойлашган “Султонбой” боғдорчилик фермер хўжалиги ер майдони ҳудудида ушлаб олишган ва хонадон эгаси “Мастона” бозорида эҳтиёт қисмлар савдоси билан шуғулланиб турган Алижон Т.га бу ҳақида хабар беришган.
Алижон Т. яшаш хонадонида ўғирлик содир этилганлиги ва жиноятни содир этган шахслар қўлга тушганлигини билиб, зудлик билан “Султонбой” боғдорчилик фермер хўжалиги ер майдонига қариндоши билан биргаликда етиб келиб, унинг қариндоши жиноятни содир этган Аваз Х.ни юзига уриб, ўзлари билан олиб келган арқон ёрдамида уни бўйнидан боғлаб, ўша жойдаги терак дарахтига боғлаб қўйган.
Ахмаджон Н.ни эса ўша ерга тўпланган ҳозирда тергов ҳаракатлари давомида шахсини аниқлаш имкони бўлмаган маҳалла фуқаролари уриб, ушбу ҳолатни ўзларида бўлган телефонга видео тасвирга олишган. Мазкур видеотасвирлар интернетнинг “Телеграм” каналлари орқали тарқатиб юборилган.
Ўтказилган тергов ҳаракатлари давомида Ахмаджон Н. ва унинг жиноий шериги Аваз Х.лар томонидан яширин равишда ўғирланган 12.500.000 сўм пуллар, мазкур пул солинган 1 дона ёстиқ жилди, 1 дона никоб, 1 дона темир сейни очишда фойдаланилган қўлбола темир мослама ашёвий далил тариқасида олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан 01.10.2019 йил куни Данғара тумани ИИБ ТБ томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 2-қисми “в,г” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.
Гумонланувчи Ахмаджон Н. ва Аваз Х.лар олган тан жароҳатлари юзасидан суд-тиббий экспертиза кўригидан ўтказилган.
Улар ўз кўрсатмаларида Алижон Т. ни хонадонида содир этган ўғирлик ҳолатига тўлиқ иқрор бўлишган ва содир этган қилмишидан пушаймонлигини, уларга тан жарохати етказган шахсларга нисбатан ҳеч қандай даъволари йўқлигини, бу ҳолат ўзларининг айблари билан содир бўлганлигини билдиришган.
Гумонланувчи Аваз Х. муқаддам 2 маротаба судланганлигини ҳисобга олган ҳолда 04.10.2019 йилда процессуал тартибида ушланган ва 05.10.2019 йилда унга ЖКнинг 169-моддаси 3-қисми “а” банди билан айблов эълон қилиниб, “Қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ҳозирда жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, гумонланувчи Ахмаджон Н. ва Аваз Х.ларга тан жарохати етказган шахсларни аниқлаш ва уларнинг ҳаракатларига қонуний баҳо бериш чоралари кўрилмоқда.
Шарҳлар