Россия бош наркологи Ўзбекистондаги “дорихона гиёҳвандлиги” муаммосига изоҳ берди
Яқинда Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда қўрқинчли тус олаётган “дорихона гиёҳвандлиги”га қарши кураш эълон қилди. Республикада узоқ йиллар давомида наркотик хусусиятларга эга кучли таъсир қилувчи препаратлар савдоси бўйича яширин бизнес ривожланиб келди. Жамоатчилик ўсмирларга дорихоналарда рецептсиз синтетик гиёҳванд препаратлар ноқонуний сотилаётганидан хавотирга тушаётган эди. Бироқ энди бундай бўлмайди, дейишмоқда ҳукуматдагилар.
2019 йил 1 декабрдан бошлаб, ЎзР Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ 78 та кучли таъсир қилувчи дори фақат ижтимоий дорихоналарда ва наркотик воситалар ва психотроп моддаларни сақлаш ва сотишга лицензияси бор дорихоналарда чакана савдога чиқарилади. Қизиғи шундаки, айнан шу куни, яъни жорий йил қишининг биринчи кунида Россияда ҳам “дорихона гиёҳванд моддалари”нинг айланмаси чекланади. Ҳозир ноқонуний айланмаси Россия Жиноий кодексининг 234-моддаси остига тушадиган моддалар рўйхатида 83 та кучли таъсир қилувчи ва 36 та заҳарли препарат бор. 1 декабрдан бошлаб биринчи рўйхат дори гиёҳвандлари орасида оммабоп бўлган яна учта препарат билан тўлдирилади (“қора” рекламадан қочиш мақсадида дориларнинг номини кўрсатмаймиз – таҳ.). Уларни ноқонуний харид қилганлик ва сотганлик учун саккиз йилгача озодликдан маҳрум бўлиш мумкин.
РФ Соғлиқни сақлаш вазирлигининг штатдан ташқари бош психиатр-наркологи, Москва наркология илмий-амалий маркази президенти Евгений Брюн Anhor.uz нашрига берган интервьюсида нега “дорихона гиёҳвандлари”ни мажбурий даволаш кераклиги ва улар жамият учун қандай хавф туғдириши мумкинлиги ҳақида гапириб берди.
– ОАВнинг кичик мониторинги МДҲ мамлакатларини дори гиёҳвандлиги босиб кетганини кўрсатмоқда. Бу муаммо деярли ҳар бир мамлакатга таниш. Баъзи мамлакатлар бу муаммони ҳал этишга муваффақ бўлган бўлса, бошқаларида ҳали бу жараён давом этмоқда. Бу офатнинг кўламлари ҳақида гапириб берсангиз? “Дорихона гиёҳванд моддаларини” истеъмол қилувчи киши атрофдагилар учун қандай хавф туғдиради?
– Дарҳақиқат, виждонсиз фармацевтлар давлат томонидан ўрнатилган қоидаларни бузадиган ва жиноят чегарасида ҳаракат қиладиган бу муаммо нафақат бизнинг мамлакатларимизга яхши таниш. Муаммонинг кўламига баҳо бериш қийин. Атрофдагилар учун туғиладиган таҳдидга тўхталадиган бўлсак, энг аввало, гиёҳванднинг оиласи жабр кўради. У хоҳ кўча гиёҳванд моддалари бўлсин ёки хоҳ дорихона, ружу қўйган кишининг қариндошларида турмуш сифати пасаяди, турли – молиявий, тиббий, юридик ва ҳ.к. муаммолар юзага кела бошлайди. Бундан ташқари гиёҳванд модда туридан қатъи назар, гиёҳвандлар турли юқумли касалликларни тарқатади. Одатда, бу гепатит, ОИВ, кўп ҳолларда эса сил касаллиги. Шу маънода, улар шубҳасиз атрофдагилар учун хавфли.
– Оиламиз аъзоси ёки танишимиз “дорихона гиёҳванд моддаларини” истеъмол қилаётганини қандай билиб олиш мумкин?
– Буни гувоҳлик кўрсатмалари орқали ёки беморнинг ўзи тан олсагина, аниқлаш мумкин. Аммо якуний ташҳис фақат кимёвий-токсикологик лаборатория (КТЛ)дан кейин қўйилади. КТЛда сийдик, сўлак ёки қон таҳлили ёрдамида организмдаги гиёҳванд моддалар изларини топиш мумкин.
– Ташқи томондан ҳеч нимада намоён бўлмайдими?
– Деярли йўқ. Одатда, бу препаратлар опиоид гиёҳвандликни ниқоблайди. Айтгандай, синтетик гиёҳванд моддаларни одатда олдин героинда ўтирганлар истеъмол қилади. Улар учун дорихона препаратлари героин сотиб олишга қурби етмаган пайтда муқобил бўлиб хизмат қилади. Кучли таъсирга эга препаратларнинг таъсири героин самарасига ўхшайди.
– “Дорихона гиёҳванд моддаларини” истеъмол қиладиган киши икки йилга яқин умр кўради, дейишади. Шу ростми?
– Буни на тасдиқлай оламан ва на рад этаман. Мен кўпроқ ружу қўйган кишилар узоқроқ яшайди деган фикр тарафдориман, чунки уларнинг кўпчилиги эртами-кечми тиббий ёрдамга мурожаат қилади. Кимдир буни кўнгилли равишда қилади, кимнидир эса қариндошлари мажбурлаб шифокорга олиб келади, аммо бу энди бошқа масала. Умуман олганда эса, гиёҳванднинг умрини ҳисоблаш жуда қийин, ахир биз кўп ҳолларда бу одамларнинг тақдири қандай кечаётганини билмаймиз. Бундан ташқари, ружу қўйган одамлар гиёҳванд моддаларни ташлаб, алкоголга ўтиб кетишади, шу боис ҳар доим ҳам ўлим сабабини аниқ билишнинг иложи бўлмайди. Гиёҳванд моддалардан воз кечиш бўйича ижобий ҳолатлар эса асосан номаълум бўлиб қолади, чунки бундай одамлар назаримиздан йўқолади. Қоидага кўра, одам даволаш ишларидан кейин ёки ҳаётидаги драматик воқеалардан сўнг гиёҳванд моддалар қабул қилишни тўхтатади, баъзида бундай кишилар қамоққа тушади, бу ерда эса истайсанми ёки йўқми эски одатларни тарк этишга тўғри келади. Яъни статистикани юритишга халақит берадиган омиллар жуда кўп.
– Нима деб ўйлайсиз, “дорихона гиёҳвандларини” стационар режимда мажбурий даволаш керакми?
– Ҳа, мен айнан шу позиция тарафдориман. Ўзбекистонда қандай билмадим-у, аммо Россияда касалхонага ётқизишнинг шундай шакли қисман қўлланади, лекин у ҳар доим суд томонидан тасдиқланиши керак. Масалан, суд жиноят содир этган гиёҳвандга, у ҳеч бўлмаганда хушёр ҳолатга келиши ва юзага келган вазиятни нормал баҳолаши учун мажбурий даволаш муолажаларидан ўтишни тайинлайди (“Сурункали алкоголизм ва наркоманияга чалинган беморларни мажбурий даволаш тўғрисида”ги ЎзР қонунига мувофиқ мажбурий даволаш ружу қўйган, жамоат тартибини, бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини бузаётган ёки аҳоли хавфсизлиги, саломатлиги ва ахлоқига таҳдид солаётган шахсларга нисбатан қўлланади – таҳ.). Бироқ бу етарли эмас.
Биз кенгроқ маънода мажбурий даволаш тарафдоримиз. Гап шундаки, гиёҳвандлик ва ичкиликбозликка ружу қўйган кишилар ўз ҳаракатлари учун жавоб беролмайди, улар ўзларининг аҳволини танқид қилолмайди, демак, уларда даволаниш учун мотивация йўқ, бу эса кўп ҳолларда ўлимга олиб келади. Ҳолбуки, шифокорлар, агар мажбурий даволаш учун рухсатнома талаб қилинмаганида, уларни асраб қолиши мумкин эди. Афсуски, Россия бу амалиётга ўтишга шошмаяпти, афтидан Ўзбекистонда ҳам аҳвол шундай. Шунга қарамасдан, биз депутатлардан бу масалани қонунчилик даражасида ҳал этишни ва бундай беморларни мажбурий даволашга рухсат беришни сўрашда давом этяпмиз. Бу жуда кўплаб кишиларнинг ҳаётини сақлаб қолган бўларди.
– Яқинда Ўзбекистон ҳукумати кучли таъсирга эга дорилар савдоси назоратини қатъийлаштирди. Нима деб ўйлайсиз, бу муаммони ҳал этадими ёки қўшимча чораларни ҳам кўриш керакми?
– Албатта, бу “дорихона гиёҳвандлиги”га қарши курашиш учун асосий зарурий чора. Аммо келгусида ноқонуний сотиш ҳолатларининг олдини олиш учун дорихоналарда мунтазам равишда ва узлуксиз рейдлар олиб бориш лозим. Масалан, Москвада ИИВ ходимлари соғлиқни сақлаш департаментининг вакиллари билан ҳамкорликда пойтахт дорихоналарини мунтазам текшириб туришади. Бунда кичикроқ хусусий дорихоналарга алоҳида эътибор қаратилади. Одатда, тармоқли дорихоналар ўз обрўсини қадрлайди ва шу боис ноқонуний фаолият билан шуғулланмайди, кичкина дорихоналар орасида эса қонунбузарликлар тез-тез учраб туради.
Элина Рустамова
Бош саҳифадаги фотосурат: mk.ru
Шарҳлар