Президент шиорини четда қолдириб, адолатни топтаётган амалдор ва судъялар

Президент шиорини четда қолдириб

Самарқанд вилояти Ургут тумани Жозмон маҳалласида яшовчи Оймомо ая Исломова 1957 йилда ушбу манзилда яшовчи Назаров Ильясга турмушга чиқиб, Жозмон маҳалласида уй-жой қуриб яшаб келган ва турмушлари давомида 8 нафар фарзандни дунёга келтирган. Уч нафар фарзандини тупроққа топширгач, турмуш ўртоғи И.Назаров билан ўзаро келишиб, ирим билан, Оймомо ая 1985 йилда умумий уйларидан қисқа масофада бошқа уй-жой ва ҳовли қилиб, ўша ерга кўчиб ўтди.
 
Олдиндинги, эски уй-жойи ўрнини айланма девор билан ўраб, деҳқончилик махсулотларини етиштирди. Оймомо ая ва Ильяс ота 1992 йилда кенжа фарзанди Назаров Илхомни ҳам уйлантириб, ўзининг янги ҳовлисига Узоқова Моҳигулни келин қилиб туширди.
 
2000 йилда, олдинги, эски уй-жойининг бир қисмида турмуш ўртоғи Назаров Илъяснинг номига ва бошқа қисмида ўғли Назаров Улашнинг номига дехқон хўжаликлари ташкил этиб, уларни Ургут туман хокимининг қарорлари билан давлат рўйхатидан ўтказди. Қарор билан Нарзаров Ильясга 0,10 га, Назаров Улашга 0,06 га ер майдонлари умрбод эгалик қилиш хуқуқи билан ажратилди.
 
Кенжа ўғли Илхомнинг оиласида бир қатор келишмовчимликлар вужудга келади, жанжаллар кўпаяди. Илхом оғир хасталикка чалиниб, унга бош мия ўсимтаси ташҳиси қўйилади.  Турмуш ўртоғига қўйилган ташҳисдан хабар топган Узоқова Моҳигул, турмуш ўртоғи Назаров Илхом шифохонада эканлигида у билан қонуний ажрашмасдан, эрининг хасталиги юқиши мумкинлигини баҳона қилиб, отаси уйига кетиб қолади. Унинг эри 2006 йилда бош мия ўсимтаси хасталиги билан оламдан кўз юмади.
 
Назаров Илхом оламдан кўз юмгандан сўнг, Узоқова Моҳигул кайтиб келиб, Оймомо аянинг уйига жойлашади ва кун аро бўлаётган жанжаллар таъсирида Оймомо ая ва Ильяс ота уй-жойини Моҳигулга қолдириб, ўғли Назаров Улашнинг хонадонига кўчиб ўтишга мажбур бўладилар.
 
Кенжа келин Узоқова Моҳигул эса Оймомо аянинг олдинги уй-жойидан қолган томорқани унга ажратиб беришини талаб қила бошлайди. Етим қолган невараларининг хаққи-ҳурматини адо этиб, Оймомо ая турмуш ўртоғи Ильяс ота билан келишиб, келинининг талабини қаноатлантириб, унга 0,08 га ер майдонини ажратиб беради.
 
Келининининг ерга қизиқиб қолганлигидан ажабланган Оймомо ая деҳкон хўжалигига боғлиқ бўлган хўжжатларни олиб, сақлаб қўймоқчи бўлади, бироқ сандиқ қулфи бўзилганлиги ва деҳқон хўжалигига оид ҳужжатлар йўқлигини аниқлайди. Бироқ, Оймомо ая бунга ортиқча аҳамият бермайди.
 
2016 йилда Оймомо аянинг турмуш ўртоғи Ильяс ота оламдан ўтади. 2017 йилнинг баҳор ойларида Узақова Моҳигулнинг опаси, Оймомо аянинг бошқа келини – Махмудова Инобатга кунғироқ қилиб, «уйни бушатиб куйинглар, бу жой бизларга ўтди, ўзларингча чиқинглар ёки бўздириб ташлаймиз», – дейди…
 
Олдинги, эски  уй-жойидан қолган ер майдони ва Ургут туман хокимининг 2000 йил 8 июндаги 461-сонли қарори билан турмуш ўртоғи Назаров Илъяс ҳамда ўғли Назаров Улаш номига ташкил этилган дехқон хўжалиги ер майдони Оймомо аянинг хабари бўлмасдан туриб аукционга қўйилиб, келини Узокова Моҳигулнинг укаси Узоқов Қувондиқ ва унинг қайнотаси Қундузов Абдуҳалимлар томонидан сотиб олинади ва бу ҳолат туман хокимлиги қарори билан тасдиқлангандан сўнг Оймомо аяга маълум бўлди. Шундан сўнг ая Фуқаролик ишлари бўйича (ФИБ) Тайлоқ туманлараро судига  даъво ариза билан мурожаат қилади.
 
Суднинг 2017 йил 13 июль кунидаги қарори билан Оймомо аянинг аризаси қисман қаноатлантирилади ва Оймомо ая томонидан судга тақдим этилган асосли хужжатларга кўра, «мансабдор шахс ушбу низоли ер майдонини бошқа шахсга тегишли эканлигини билгани, лекин шунга қарамай низо борлигини билиб сотиб олгани, туман ҳокимлиги ерни ўз балансига олмагани, ер бўйича низо бор йўқлигини текширмагани, бошқа шахсларнинг хуқуқ ва манфаатларини бўзгани, даъвогарнинг ва ерга алоқадор шахсларнинг розилигини олмагани, Жозмон маҳалла фуқаролар йиғинидан (МФЙ) ер кимга тегишлигини текширмагани, уларнинг фикрини инобатга олмаганини , ерни танловга қуйишдан олдин низони ҳал қилмаганини, «Бешбулоқ» қишлоқ советининг хўжалик дафтарига кўра 15 сотиҳ ер марҳум Назаров Ильясга тегишлигини, давлат архивида ушбу низоли ер майдони марҳум Назаров Ильясга тегишили эканлигини тасдиқловчи хужжатлар сақланиб қолганлигини….. инобатга олиб», судда раислик этувчи М.Саидмуродов қонуний қарор чиқаради.  
 
Суднинг қарори билан Ургут туман ҳокимининг 2017 йил 18 февралдаги 313-Қ, 314-Қ сонли қарорларининг  ва «Кучмас мулк савдо хизмати» МЧЖ Самарқанд вилоят филиалининг 2017 йил 28 январдаги 1-сонли баённомасининг марҳум Назаров Ильясга тегишли бўлган 15 сотих ер майдонига тегишли қисми ҳақиқий эмас деб топилади.
 
Узоқова Моҳигулнинг укаси Узоқов Қувондиқ томонидан келтирилган апелляция шикоятига кўра, ФИБ Самарқанд вилоят суди апелляция инстанциясининг ажрими билан, ФИБ Тайлоқ туманлараро судининг 2017 йил 13 июль кунидаги қарори бекор қилиниб, низолашилаётган ер майдони «туман ҳокимининг 2017 йил 18 февралдаги 313-Қ ва 314-Қ сонли қарори асосида Қ.Узоқов ва А.Қундузовга ажратилган ер майдонига тўғри келмайди», деган ғирт ёлғон маълумотларга асосланади, ҳамда, қарор ости хужжатларни четда қолдириб, раислик қилувчи Ш.Турдалиев томонидан, ер майдони танловга қуйилишда сохталаштирилган хужжатларга таянади.
 
2017 йилнинг 30 августида Ўзбекистон Республикаси президенти девони архивининг Самарқанд вилояти бўлимига мурожаат қилгач, Оймомо аяга Ургут туман ҳокимининг 2000 йил 8 июндаги №461 сонли қарорларидан кўчирма берилиб, туман хокими қарорида: «…Ургут тумани «Ибн Сино» номли ширкат хўжалиги ҳудудида жойлашган 124-та деҳқон хўжаликлари иловага асосан давлат рўйхатидан ўтказилсин….дейилиб, Назаров Илёс -0,10 Жозмон қ.қ-1, Назаров Улаш -0,06 Жозмон қ.қ-1. Ер майдони ажратилганлиги қайд этилиб, тузилган далолатнома ёзувида ҳоким қарорига асосан ажратилган ер майдони 163-контурдан эканлиги» ва шу низолашилаётган ер майдонига тўғри келишлигини тасдиқлайди.
 
Деҳқон хўжалиги қарорлари архивдан топилиб, Оймомо аяда адолатга эришиш умиди пайдо бўлади, бироқ, бу умид ФИБ Самарқанд вилоят суди апелляция инстанциясининг судъяси Ш.Турдалиевнинг 2017 йил 31 октябрдаги, ҳамда, судъя Б.Худойбергановнинг 2018 йил 14 июндаги ажримлари билан йўққа чиқарилиб Оймомо аянинг янги очилган ҳолатлар бўйича фуқаролик ишини қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги аризаси қаноатлантирилишдан рад этилади.
 
Узоқова Моҳигулнинг укаси Узоқов Қувондиқ ва унинг қайнотаси Қундузов Абдуҳалимлар томонидан МИБ ходимлари иштирокида, ғайриқонуний қарор асосида Оймомо аянинг олдинги, эски уй-жойи ўрнидан 2016 йилда қурилган уй ва ховли қилиб ўралган деворлар маҳалла-кўй олдида бўзиб ташлангач, Оймомо ая кўзи ожиз бўлиб қолади.
 
Суддан адолат топмаган Оймомо ая Ургут тумани Мирзақишлоқ қишлоқ советига қарашли Ленин номли колхознинг 1962-1964 йиллардаги ип ўтказилган китоби таркибида № 112 тартиб рақам билан Назаров Илёс номига 0,15 га ер участка қайд этилгани, Ургут туман ҳокимининг 2000 йил 8 июндаги № 461-Қ-сонли қарори билан марҳум турмуш ўртоғи И.Назаровга ва ўғли У.Назаровга умрбод эгалик қилиш хуқуқи билан ажратилган ер майдони ва ташкил этилган дехқон хўжалиги ер майдони, туман захирасига олинмасдан ва ер эгаларининг ер майдонини туман захирасига қайтариш тўғрисидаги аризаси бўлмасдан туриб, ушбу ер майдони дастлаб туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғи У.Негматов томонидан «….қишлоқ хўжалигида фойдаланмайдиган аҳоли томорқа ер майдони….», – деган маълумот сохта эканлигини текшириб, сўралган ҳолат юзасидан маълумот тақдим этишлигини сўраб Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига 2019 йилнинг 19 июнида ёзган мурожаати Ер ресурслари, Геодезия, Картография ва Давлат кадастри Давлат қўмитасига юборилади, бироқ бугунги кунгача қўмита томонидан, мурожаат юзасидан бирон-бир жавоб берилган эмас. 
 
Президент Шавкат Мирзёевнинг «қонун устуворлигини ва инсон манфаатларини таъминлаш юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигининг гаровидир», – деган шиори қанчалар хаққоний бўлса, Ер ресурслари, Геодезия, Картография ва Давлат кадастри Давлат қўмитасининг лоқайдлиги ва ФИБ Самарқанд вилоят судининг қарор ва ажримларини бу шиорга қарама-қарши дейишга ҳақлимиз.
    
Наҳотки давлат органлари оддий бир фуқаронинг тақдирига шунчалик лоқайд ва бефарқ, бу лоқайдлик ва бепарволик, бағритошлик остида нималар ётибди, деган фикр туғилади, албатта.  Бироқ, ҳақиқат ва адолат қарор топади деган умид бизларнинг юракларимизни ҳали тарк этмади.
 
Anhor.uz сайти бу ишларни кузатиб боришга қарор қилди.
 
Фаҳриддин Кубаев Anhor.uz муҳбири

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.