ЖБ: ўрта синф деярли тўлиқ Тошкентда жамланган
Жаҳон банки пайшанба куни тарқатган пресс-релизда Марказий Осиёдаги ўрта синф деярли тўлиқ бир нечта йирик шаҳарда ва уларнинг атрофида жамланганини қайд этади, хусусан Нур-Султан, Алмати, Тошкент шаҳарларида кўпроқ, Душанбе ва Бишкекда камроқ.
Қашшоқликнинг юқори даражаси қишлоқ ва чекка ҳудудларда, яъни ишга жойлашиш имконияти чекланган жойларда қайд этилган. Бу ҳақда Жаҳон банки томонидан Халқаро Қашшоқликни бартараф этиш учун курашиш куни арафасида чоп этилган янги маълумотларда сўз боради. Ушбу сана ҳар йили 17 октябрда нишонланади.
«Ижобий ҳолат сифатида Марказий Осиёда қашшоқликни қисқартириш борасидаги ишлар давом этаётгани қайд қилинади, – дейди Жаҳон Банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Лилия Бурунчук. «Шу билан бирга, бу жараён олдингига қараганда секин юз бермоқда. Шу боис барқарор ва инклюзив ўсишни таъминлаш бўйича қўшимча саъй-ҳаракатлар минтақадаги устувор вазифалардан бирига айланиши керак».
Жаҳон банкининг қайд этишича, асосан ёшлар ва аёллар ишсизлик ёки паст маошдан азият чекади. Ўзбекистонда 2018 йилда 15-24 ёшдаги аёлларнинг 25% дан ортиғи ишсиз бўлган, шу ёшдаги эркакларда эса бу 13% ни ташкил қилган.
Яқинда чоп этилган Марказий Осиё мамлакатларининг қашшоқлик хариталари минтақадаги мавжуд қашшоқлик ўчоқларидан кўпчилиги катта шаҳарлар билан интеграцияси бўлмаган қишлоқларда эканини кўрсатмоқда.
Фотосуратда: 2018 йил учун аҳолининг ўрта синфи улуши, бу ерда кўк ранг – юқори кўсаткич, визил ранг – паст кўрсаткич
«Жаҳон банки одамларга ишга жойлашиш учун катта имкониятларни, шу жумладан ривожланаётган ва гуллаб-яшнаётган шаҳарларда арзон уй-жойларни тақдим этадиган сиёсатни тавсия қилади. Бундан ташқари, иш ҳақининг ўсишига кўмаклашиш ва аҳолининг заиф қатламларини, шу жумладан аёллар ва ёшларни меҳнат бозорида рақобатбардошлироқ бўлиши учун қўллаб-қувватлаш жуда муҳим», – дейилади банк хабарида.
Шарҳлар