Ташқи реклама бозорига нима бўляпти
Ўзбекистонда Вазирлар Маҳкамасининг ташқи реклама бозорини ислоҳ қилишга доир қарори кучга кирганига бир йилдан ошди, бироқ интернетда ва ижтимоий тармоқларда бу борадаги қизғин баҳс-мунозаралар давом этмоқда. Чунки ташқи реклама операторлари учун ўз бизнесини йўқотиш хавфи пайдо бўлди.
Anhor.uz мухбири Тошкент реклама бозорида нималар юз бераётгани ва кимнинг айби билан қонунга итоат қилувчи тадбиркорлар бир бурчакка сиқиб қўйилганига аниқлик киритишга уриниб кўрди.
Давлат хазинасига миллиардлаб маблағ олиб келган бозор барбод бўла бошлади
Яқин пайтгача Тошкент ташқи реклама бозори шаҳар иқтисодиётининг тез ривожланаётган сегментларидан бири эди. Пойтахт бозорини, муболағасиз, бутун Ўзбекистон реклама бизнесининг маркази деб айтиш мумкин эди. Бугунги кунда Тошкентдаги ташқи реклама ҳудудий реклама соҳасини ривожлантиришнинг катализатори ҳисобланади, аммо охирги йил ичида бу бозорнинг аҳволи жуда ёмонлашди ва буёғига нима бўлиши ҳам номаълум.
2018 йилда амалдорлар ташқи реклама соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида эълон қилди. Даставвал ҳудудий ташқи реклама бозорларига эътибор қаратиш режалаштирилди, чунки уларнинг миллий реклама индустрияси умумий ҳажмидаги улуши узоқ йиллар давомида паст бўлиб қолаётганди. Тошкентни эса бу тармоқни қандай ривожлантириш кераклигига намуна сифатида кўрсатиш кўзда тутилганди. Бироқ ислоҳотлар жараёнида “урғу” бошқа жойга кўчирилди ва пойтахт ислоҳотлардан кўра кўпроқ тажрибалар марказига айланиб қолди. Бор-йўғи бир йил ичида узоқ йиллар давомида барқарор ривожланган ва давлат ғазнасига миллиардлаб даромад келтирган бозор барбод бўла бошлади ва ўсиш суръатларини йўқотди.
Воқеалар хронологияси: бозор қандай қилиб инқирозга юз тутгани ҳақида
2018 йил 30 август куни Вазирлар Маҳкамаси “Ташқи рекламани жойлаштириш соҳасидаги фаолиятни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни қабул қилди. Монополияга қарши курашиш қўмитаси ушбу ҳужжатнинг ташаббусчиси ва муаллифига айланди. У бу “ош”ни соғлом рақобат муҳитини яратиш ва тармоқни ноқонуний рекламадан тозалаш мақсадида “пиширганди”. Агар қуйидаги жиҳатлар бўлмаганида, афтидан қўмитанинг ниятлари ҳам яхши эди:
Биринчидан, Монополияга қарши курашиш қўмитаси Тошкент ташқи реклама бозори ҳеч қандай тарзда монополияга қарши курашишга доир қонун ҳужжатлари остига тушмаслигини тан олмоқда. Фактлар ҳам пойтахт реклама бозорида ҳеч ким монопол ҳолатда эмаслигини ва рақобат мавжудлигини кўрсатяпти. Маълумот учун шуни айтиш мумкинки, бугунги кунда пойтахтдаги ташқи реклама бозорида 440 та реклама компанияси расмий рўйхатдан ўтган – бу гиперрақобат далили эмасми? Демак, Монополияга қарши курашиш қўмитаси мавжуд бўлмаган муаммони ҳал этишга уриняпти.
Иккинчидан, Монополияга қарши курашиш қўмитаси гўёки шаҳарни ноқонуний рекламадан тозаламоқчи, ундаги маълумотларга кўра, бундай рекламанинг улуши бор-йўғи 30% ни ташкил қилади. Аслида, ташқи ноқонуний реклама ҳажми Тошкентда камида 300% ни ташкил этади. Бошқача қилиб айтганда, бундай реклама қонуний асосда жойлаштирилган рекламага қараганда бир неча баравар кўп. Давлат органи фақат билбордлардан, яъни муаммо энг кам бўлган реклама туридан ташвишланаётгани ҳам бу муаммога нопрофессионал ёндашувдан далолат беради, чунки ҳар бир реклама конструкциясининг ўз эгаси бор, демак сўраладиган шахс ҳам бор.
Ҳеч қандай тарзда тартибга солинмаган транспортдаги реклама эса бошқа гап. Савдо нуқталари, бекатлар, ресторанлар ва бошқа объектлар фасадларидаги деярли бутун реклама ноқонуний ҳисобланади ва унинг жойлаштирилиши учун давлат бир тийин ҳам олмайди. Ушбу ноқонуний реклама ҳеч кимни ташвишлантирмаётгани ғалати ҳолат.
Бунинг устига яна Монополияга қарши курашиш қўмитаси ОАВга пойтахтда ноқонуний реклама жуда кўплигини тез-тез айтиб туради. Кечирасиз-у, аммо “Реклама тўғрисидаги қонун”га мувофиқ айнан шу орган, хусусан унинг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама фаолиятини назорат қилиш бўлими реклама соҳасида қонунга амал қилинишини назорат қилиш учун жавобгар ҳисобланади! Демак, агар шаҳарда ноқонуний реклама ҳажми ошаётган бўлса, бу конкрет бўлимнинг камчилиги.
Аниқлик киритамиз, Ўзбекистондаги бошқа ҳеч бир орган, шу жумладан ҳокимликлар ҳам жойлаштирилган рекламанинг қонунийлигини текшириш ҳуқуқига эга эмас. Фақат монополияга қарши курашиш қўмитаси.
Учинчидан, қарорда муҳим саволларга жавоблар йўқ. Ҳужжатда асосан олдин ўрнатилган реклама конструкцияларидан фойдаланиш муддатларини узайтириш процедураси ва янги реклама лавҳаларини жойлаштириш учун қўйиладиган талаблар ҳақида сўз боради. Бунда қарорда ташқи реклама мониторинги ва бозорни аудит қилиш ҳақида бирортаям сўз, ноқонуний рекламанинг олдини олиш ёки уни қонунийлаштириш бўйича таклифлар йўқ.
Тўртинчидан, ва бу энг муҳим жиҳатлардан бири, Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ, норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш учун Монополияга қарши курашиш қўмитаси масъул қилиб тайинланган ва унга Ўзбекистонда Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тартиби лойиҳасини тайёрлаш учун икки ой муддат берилган. Ўшандан бери бир йилдан ортиқ вақт ўтди, ҳамон ҳеч қандай натижа йўқ, ноқонуний реклама эса гуллаб-яшнамоқда.
Бутун бозорни остин-устун қилиб юборган ва бунинг учун давлат олдида жавобгар бўлган орган ўзи бевосита қарор ижросини бажармасдан туриб, кимнидир фош қилишга уринаётгани тушунарсиз. Эҳтимол, бу ким учундир манфаатлидир, аммо давлат хазинасига эмас.
Орадан бир йил ўтганига қарамасдан, реклама бўйича экспертлар, реклама соҳасининг тажрибали тадбиркорлари, юристлар, қурувчилар, архитекторлар, ландшафт мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ ҳам тузилмаган. Ахир норматив-ҳуқуқий базани ишлаб чиқишда барча томонларнинг манфаатларини ҳисобга оладиган бу мутахассислардан кўра ким ҳам уни яхшироқ ишлаб чиқиши мумкин? Бунинг ўрнига шаҳар тартибсизлик, “хуфия” реклама бозорининг ўсишига гувоҳ бўлмоқда.
Ташқи реклама операторларини ўз бизнесини сақлаб қолиш учун тўлашга мажбур этишмоқда.
Ҳолбуки, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги қарорига кўра, янги реклама конструкцияларини ўрнатиш ҳуқуқи аукцион орқали тақдим этилиши керак. Аммо аукционлар ўтказилмаяпти, лекин охирги 10 ой ичида пойтахтдаги реклама конструкцияларининг сони сезиларли даражада ошган. Уларни ўрнатишга ким ва қандай асосда рухсат берган, бир қисми давлат хазинасига тушиши керак бўлган бу пуллардан ким манфаат кўрмоқда – бу ҳатто Монополияга қарши курашиш қўмитасига ҳам қоронғу. Ёки ундай эмасми?
Аммо бу ҳали асосий муаммо эмас. Аукцион ишлаб кетганида ташқи реклама бозорига нима бўлишини тасаввур қилиш қийин. Эслатиб ўтамиз, коррупцияга йўл қолдирмаслик учун Монополияга қарши курашиш қўмитаси ташқи реклама объектлари (конструкциялари)ни ўрнатишга ер участкаларини E-ijro Auksion платформасидаги электрон аукционлар ёрдамида тақсимлашни таклиф қилган.
Бозор иштирокчиларининг кўпчилиги олдин ўрнатилган ва эски шартномалар ва паспортларга эга бўлган реклама конструкцияларининг тақдиридан хавотирда. Янги талабларга кўра, тадбиркорлар ўзларининг реклама объектларидан кейинги 5-10 йил мобайнида фойдаланишда давом этиши учун қўшимча тўлов киритиши керак.
Қўпол қилиб айтганда, ташқи реклама операторларини пули тўланган жой учун иккинчи марта тўлашга мажбур қилишмоқда, ҳолбуки амалдаги паспортлар муддати ҳали якунланмаган. Бу худди фуқароларни олдин хусусийлаштирилган уйларини янгидан қонунийлаштириш учун қўшимча ҳақ тўлашга мажбурлашга ўхшайди. Бунда аукцион вақтинчалик характерга эга бўлади, бу эса мутлақо ақлга сиғмайди. Гўёки сиз аукцион орқали қимматбаҳо суратни уни беш йилдан кейин қайтариб бериш шарти билан харид қиляпсиз. Ҳеч бир соҳада бундай аукционлар ўтказилмайди. Нафақт бизнинг мамлакатимизда, балки дунёда бунга ўхшаш ҳодиса кузатилмаган.
Айтиш жоизки, қарор лойиҳасида аввал бошиданоқ олдин қонунчиликка мувофиқ тузилган шартномалар, берилган паспортлар, гувоҳномалар, рухсатномалар ва ташқи рекламани жойлаштиришга бўлган ҳуқуқни белгиловчи бошқа ҳужжатлар белгиланган муддатлар даврига ўз кучини сақлаб қолиши ҳақида сўз борганди. Бундан ташқари, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама фаолиятини назорат қилиш бошқармаси бошлиғи Дилшод Азимов ўзининг 10 май куни Uzbekistan 24 телеканалида “Қарама-қарши” дастурида қилган чиқишида янги қоидалар бозорнинг олдинги иштирокчиларига тааллуқли бўлмаслигига ҳаммани ишонтирди, аммо кейин берган сўзининг устидан чиқмади. Маданиятли бозор йўлидан бораётган ҳар қандай мамлакатда бу нонсенс ҳисобланади. Афтидан, Монополияга қарши курашиш қўмитасида давлат бизнес билан қандай муносабатда бўлиши кераклиги борасида ўз тушунчаси борга ўхшайди. Таъкидлаш жоизки, бундай нуқтаи назар Ўзбекистоннинг расмий сиёсатига зиддир.
Мопонолияга қарши курашиш қўмитасининг маълумотларига кўра, Тошкентда 6,5 мингта реклама конструкцияси мавжуд бўлиб, агар уларнинг эгалари бу конструкцияларни савдоларда янгидан сотиб олишга ҳаракат қилмаса, уларнинг ҳаммаси демонтаж қилинади. Қонун томонидан суддан бошқа ҳеч кимга аукцион натижаларини ўзбошимчалик билан бекор қилиш ҳуқуқи берилмаган. Паспортларнинг амал қилиш муддатларига сўзсиз амал қилиниши зарур, акс ҳолда Ўзбекистон ҳеч қачон инвесторларнинг ишончини қозона олмайди.
Бозорнинг янги иштирокчилари, агар шундайлар чиқиб қолса, бозорга амалдорларнинг ўзбошимчалиги туфайли четга чиқариб қўйилган иштирокчиларнинг ўрнига эмас, балки улар билан тенг шартларда чиқиши керак.
Бугунги кунда бир дона сифатли реклама конструкциясини ўрнатиш қиймати 50-60 минг долларгача бориши мумкин. Қайси бизнесмен ўйин қоидаларини ҳадеб ўзгартирадиган ва мунтазам равишда турли баҳоналар билан тадбиркорни “соғишга” уринадиган мамлакатга инвестиция қилади?
Номаълум янги иштирокчилар учун таклиф қилинаётган бу “эзгу иш” коррупцион тўсиқ яратилиши билан якунланиши мумкин.
Айтгандай, Дилшод Азимов ўзининг охирги интервьюсида Тошкентдаги реклама конструкцияларининг сонини икки бараварга қисқартириш, яъни 6,5 мингдан 3 мингтасини қолдириш зарурлигини билдирди. Бундан ташқари, унинг фикрича, оддий иншоотлардан қочиб, LED-экранларда бериладиган самарали рекламаларга ўтиш керак экан. Балки LED–экранлар самаралидир, аммо бунинг иккинчи томони ҳам бор – ўз пулига ер участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи ва реклама паспортини сотиб олаётган тадбиркорларга рекламани қандай форматда бериш кераклигини кўрсатиш қанчалик тўғри бўларкин? Ахир мусиқага тўлаётган одам буюртма бермайдими?! Бундан ташқари, “жўн” конструкциялар ва LED-экранлар орасидаги нарх фарқи деярли 10 баравар.
Агар операторлардан бирортаси бу жой учун аукционда каттароқ суммани таклиф қилиб қолса, бир неча йилдан кейин демонтаж қилиниши била туриб, ким экранларни ўрнатади?! Энг асосийси эса, инновацион ғояларни таклиф қилишдан олдин пиёдалар ва ҳайдовчилар кўзни қамаштирадиган экранларга қандай муносабатда эканини ўрганиб чиқиш лозим. Масалан, Муқимий кўчасидаги кўзни қамаштирувчи, ёрқин реклама лавҳалари ёнидан ўтар экан, ҳайдовчилар бу экранларни ўрнатганларни ифодалашда жумлаларни танлаб ўтирмайди.
Бугун биз эскининг янги билан жангига гувоҳ бўляпмиз
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўз фаолиятининг дастлабки кунлариданоқ инновацион қарорлар қабул қилиб, мамлакатда тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар ташаббуси билан чиқмоқда. Бироқ, афтидан, таклиф этилаётган ислоҳотларнинг моҳияти маданиятли бозор қоидаларига амал қилишдан, тадбиркорларнинг фикрини ҳурмат қилишдан иборат эканини амалдорлар яхши тушунмаган кўринади.
Эҳтимол, гап ўз манфаатлари ва одатий эски иш усулларини сақлаб қолиш учун айрим амалдорлар янги ғояларнинг амалга оширилишига қасддан тўсқинлик қилаётганидадир. Масалан, тадбиркорларга тегмаслик, турли баҳоналар билан таъмагирлик қилмаслик талаби “у қулоқдан кириб, бунисидан чиқиб кетмоқда”. Улар ўзларини қизғин фаолият олиб бораётгандай кўрсатиш учун муаммолар ўйлаб топишмоқда, кейин эса коррупцион элементларга эга ечимларни таклиф қилишяпти.
Улар жамиятнинг онги ўсаётганини ва кундан-кунга ривожланаётганини, одамлар ҳаммасини кўриб-билиб туришини ҳисобга олмаяпти. Биз Президентнинг сабр косаси тўладиган ва у ўзининг эски қоидалари бўйича “ўйин” қилишга уринаётганларни жавобгарликка тортадиган кун келишига ишончимиз комил.
Элина Рустамова
Шарҳлар