Тошкент вилоятида буюртмачига авария ҳолатидаги уй топширилди
2012 йил 18 сентябрда тошкентлик фуқаро Пан Т. “Қишлоқ қурилиш банки”нинг Тошкент вилоят филиали билан тураржой қурилиши учун 62 900 000 сўм миқдорида ипотека кредитини олиш бўйича шартнома тузади. 27 млн сўм миқдоридаги дастлабки тўлов киритилганидан кейин фуқаро “Қишлоқ қурилиш инвест” инжиниринг компанияси билан ҳам шартнома тузиб, унга кўра ушбу компания Тошкент вилоятининг Зангиота туманида мазкур фуқарога бир қаватли индивидуал уй-жойни қуриб бериш мажбуриятини олади.
“Facebook” ижтимоий тармоғининг “Общественный контроль” (“Ижтимоий назорат”) гуруҳига аъзо аёлнинг сўзларига кўра, уйнинг умумий қиймати 108 229 777 сўмни ташкил этган, улардан 58,1% кредит маблағлари ҳисобидан қопланган бўлса, қолган 41,9% фуқаронинг шахсий маблағларидан иборат бўлган. Бунда буюртмачи дастлабки тўловлар бўйича барча мажбуриятларни бажарган. Тузилган шартномага кўра қурилиш ишлари 2013 йил 1 майда якунланиши керак эди. Бироқ шартнома шартлари бажарилмаган, қурилиш ишлари ҳозирга қадар якунланмаган ва айни пайтда бу уйда яшашнинг имконияти йўқ. Хусусан, уйга табиий газ ўтказилмаган, газ плитаси, унитаз, раковина ва бошқа жиҳозлар йўқ, электр ҳисоблагич ўрнатилмаган, иситиш регистрлари қўйилмаган, хоналардаги пол остидан бегона ўтлар ўсиб чиққан, уйнинг ташқи қисмида ёриқлар пайдо бўлган, деворнинг пастки қисми кўп жойларида кўчиб тушган.
Инжиниринг компанияси раҳбарияти эса фуқаронинг шикоятларига жавоб бермаяпти, деб ёзади UZ24 нашри.
Эслатиб ўтамиз, Қишлоқ жойларида намунавий лойиҳалар бўйича уй-жой қурилиши дастури 2009 йилда ЎзР Президентининг қарори асосида ишлаб чиқилган. Унга мувофиқ “Қишлоқ қурилиш лойиҳа” лойиҳа-қидирув институти ва “Қишлоқ қурилиш банк” акциядорлик тижорат банки ташкил этилган. Индивидуал уй-жой буюртмачиси сифатида эса устав капитали 1 млрд сўм бўлган “Қишлоқ қурилиш инвест” ихтисослашган шўъба инжиниринг компанияси яратилган.
Фотосурат: “Общественный контроль” гуруҳи
Шарҳлар