Орол денгизи: Қорақалпоғистон тиббиёти ҳалокатга учраган зона

Орол денгизи: Қорақалпоғистон тиббиёти ҳалокатга учраган зона

Болани реанимация қилишда қўпол хатоликларга йўл қўйган, касалликлар тарихини қалбакилаштирган Қорақалпоғистондаги болалар тиббий марказининг реанимация ва жадал терапия бўлими мудираси ўз лавозимида ишлашда давом этмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги қатъий чоралар кўриш ўрнига, “уйдаги гапни ташқарига чиқармаслик” учун, мансаб обрўсини қутқаришга уринмоқда.  
 
Видео Қорақалпоғистон Республикаси Республика Давлат санитария-эпедимиология назорат маркази (РДСЭНМ)нинг ўта хавфли инфекциялар бўлимининг эпидемиолог шифокори Нина Низаматдинова томонидан тақдим этилди.  
2015 йил 1 апрель куни ординаторлик хонасида РДСЭНМ комиссияси (Нина Низаматдинова ҳам унинг таркибида бўлган) реанимация бўлимининг санитария-эмидемиология ҳолатини тўсатдан тунда текшириш натижаларига якун ясаётганди.

Халатсиз, қўллари ювилмаган аёл қўлқопларсиз боланинг томоғига ишлов беради, яъни унинг оғиз бўшлиғини ва ҳаво киритувчи қурилмани йўргак билан артади. Бу комиссиянинг ҳисобот тузишига йўл қўймасликка қарор қилган Қорақалпоғистон Республикаси Республика кўп профилли болалар тиббий марказининг реанимация бўлими мудираси Гулсара Кошетерова.  
 
Беморнинг шиллиқ қобиғига тегадиган барча буюмлар стерил бўлиши керак. Санитария қоидалари ва нормалари ана шундай. Юрак-ўпка реанимацияси (ЮЎР) жараёни тегишли тиббий асбоблар, ускуналар ва дори воситалари билан жиҳозланган палатада амалга оширилиши керак. Кошетерова болани ҳам ординаторлик хонасига кўчадан эмас, реанимация бўлимидан олиб келди. Беморга эса ўша ернинг ўзида ёрдам берилиши керак эди.
 
Реанимация бўлимининг ўзида эса стандарт эҳтиёт чораларига, яъни бир марталик шприцларни утилизация қилиш ва тиббий ходимларнинг қўл ювиш қоидаларига амал қилинмаган. Швабралар, пол латталари ва пол ювиш учун мўлжалланган челаклар, ходимларнинг иш кийими ва кундалик кийими ҳам шу ернинг ўзида сақланган. Бу йўл қўйиб бўлмайдиган қоидабузарликлардир.
 
Бунинг устига, реанимация бўлимининг ходимлари ҳар йили дерматовенеролог кўригидан ўтиши, ОИВ, ичак инфекцияларига текширувдан ўтиши, флюорография қилдириши, йилда икки марта терапевт, гинеколог, стоматолог, ЛОР кўригидан ўтиши ва гонококкларга текширилиши керак. Ушбу кўрикларнинг барчаси ходимнинг тиббий дафтарчасига киритилади. Қоидалар шунақа.
 
Шундай қилиб, 8 нафар тиббий ходимда, шу жумладан бош шифокор Алима Маткаримовада, бўлим мудираси Гулсара Кошетеровада, навбатчи ҳамшира ва санитаркада тиббий дафтарчалар бўлмаган. Мавжуд олтита тиббий дафтарча ичидан  кўпчилиги ишга қўйилиш муддатлари ўтиб кетган. Масалан шифокорларнинг бирида 2002 йилгача ишга рухсат бўлган.  
 
«Ўшанда Гулсара Кошетерова ёнимга келиб, “бўлимимизда ҳаммаси нормада эканини ёзинг, кейин олдингизга менинг катта ҳамширам боради”, – деди. Мен дафтарчаларни кўрмасдан ёзолмайман, фақат реанимация бўлимини текширув охиригача қолдиришим мумкин, дедим», – дейди Низаматдинова.
 
Низаматдинованинг шикоятини текширишга жалб этилган Қорақалпоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази филиалининг реанимация ва анестезиология бўлими мудири Виталий Ким видеога изоҳ берар экан, Гулсара Кошетерованинг тиббий ҳаракатлари асоссиз ва нотўғри эканини, улар боланинг соғлиғи учун реал хавфли эканини қайд этади. Бундан ташқари, у Кошетерова раҳбарлик қилаётган бўлимдаги қатор чидаб бўлмас камчиликларни кўрсатади. Болаларнинг касаллик тарихида кичик операциялар (яъни ўмров ости катетеризациялари) кўрсатилмаган, ёзувлар қайта ёзилган ва текширув жараёнида Низаматдинова томонидан суратга олинган йўқолган асл нусхаларга тўғри келмайди, ўмров ости катетеризацияларини қайд этиш журнали қўпол қоидабузарликлар билан юритилган, уларнинг иккита саҳифаси йўқ (асл нусхаларнинг фотонусхалари таҳририятга тақдим этилди).
 
Кошетерова жазодан қочиш мақсадида клиника ходимлари томонидан Низаматдиновага қарши шикоят ташкил қилади. Бундан ташқари, прокуратура материаллари билан танишаётган пайтда Низаматдинова Кошетерованинг сохта далолатномаси ва бош шифокор Алима Маткаримованинг буйруқларини аниқлади.
 
Қорақалпоғистон соғлиқни сақлаш тизими раҳбарияти бу вазиятда ўзини ғалати тутди. Низаматдинова томонидан бир неча марта билдирилган (!) шикоятлардан кейин Кошетеровага реанимация бўлимида санитария нормаларини бузганлиги учун ҳайфсан эълон қилинди.  Чақалоқнинг соғлиғи ва ҳаёти учун хавфли ҳаракатлар эса “кўзга кўринмасдан” қолди. Ҳайфсан маъмурий жазони қўллаш процедураларини бузган ҳолда Кошетерованинг ортидан чиқарилгани учун суд уни бекор қилди.Кейинчалик  ЎзР ва ҚР Соғлиқни сақлаш вазирликлари Низаматдиновага берган жавобларда, комиссия томонидан 2015 йил 5-6 август кунлари  аниқланган Кошетерова ва бошқа ходимларнинг қўпол қоидабузарликларига эътибор қаратмаган ҳолда, суднинг ушбу қарорига таянади.  

Республика кўп профилли болалар тиббий маркази (РКПБТМ) бош шифокори Маткаримова Гулсара Кошетеровага ҳайфсан эълон қилингани ҳақидаги буйруқни ўз қўли билан имзолаган. Бироқ прокуратурага у ушбу буйруқнинг бошқа вариантини тақдим этган.

Дастлабки вариант: «ДСЭНМ ва СПИД марказ ходимлари томонидан аниқланган йўл қўйилган хатоликлар учун ҳайфсан эълон қилинди»;

Прокуратура учун вариант: ҳайфсан катетеризация касаллик тарихи ва журналда қайд этилмагани учун эълон қилинди.
 
Энди Низаматдинованинг ўзини тунги рейдлар жадвалини бузганликда ва текширув белгиланган муддатларни бузган ҳолда ҳамда текширув муддатини ўзгартиришга бирор-бир қўшимча кўрсатмаларсиз ва рухсатномаларсиз ўтказилганликда айблашга уринишди. Аммо ахир бу бемор болани ёзув столига ётқизиб, унинг ҳаётига хавф туғдириш ҳуқуқини берадими!?
 
Ўша давр учун амалда бўлган ЎзР Соғлиқни сақлаш вазирлигининг буйруғида даволаш муассасалари ишчи гуруҳ томонидан мунтазам равишда ва тўсатдан текширилиши кераклиги кўрсатилган. Ушбу талаблар фонида жадвалнинг долзарблиги йўқолади, ҳатто тўсатдан бўлишга эришиш учун жадвални қасддан бузишга ҳам йўл қўйилади, чунки баъзида бўлғуси текширув ҳақидаги ахборот ташқарига чиқиб кетиши мумкин.
 
Низаматдинова ҳақиқатни узоқ излаганидан кейин вазир ўринбосари Элмира Боситхонова билан учрашишга муваффақ бўлади, у ҳам видеодан даҳшатга тушади. Аммо, кейинчалик бу унга Кошетеровани деярли оқлайдиган хулосани имзолашга ҳалақит бермайди.

Афсуски, бу воқеанинг аввал бошиданоқ амалдорлар адолат учун эмас, ҳақиқат учун эмас, балки “уйдаги гапни ташқарига олиб чиқишга” қўрқмаган бир инсоннинг оғзини ёпишга уриниб, мансаб обрўси учун курашишди.

Румия Анварова

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.