Меҳнат миграцияси ва ишсизлик ҳақида

Меҳнат миграцияси ва ишсизлик ҳақида

Мамлакатимизда бўлаётган баъзи ҳодисаларни дунёдаги ўзгаришларни таҳлил қилмай англаб бўлмайди. Масалан, АҚШ ҳар йили мамлакатга келадиган мигрантларни расмий даъват қилса, бошқа мамлакатлар, хусусан, Россия четдан ишчи кучи оқимига мухтожлигини расман тан олмайди, лекин турли махсус дастурлар орқали рус миллатига мансуб бўлган аҳолини дунё бўйича Россияга жалб қилишга интиляпти.

Бу жараёнларда охирги йиллари Ўзбекистон фуқароларининг вазни борган сари ортиб бормоқда. АҚШ Давлат Департаменти маълумотларига қараганда, ҳар йили 6-7 минг ўзбеклар 1990-2016 йиллар давомида иммиграцион виза (green card) эгаси бўлишга эришганлар. 2019 йилги лотерея натижалари бўйича эса мавжуд 50 мингта картадан 1743 таси ўзбекистонликларга теккан (2150 дан ортиқ киши ўйнаган). Бу кўрсаткич бўйича биз Россия ва Украина фуқароларидан кейин 3-ўринда турамиз. Бугунги кунда АҚШда 30000 дан ортиқ ўзбеклар Америка фуқароси, Россияда эса 1 млндан ортиқ ўзбеклар Россия фуқароси бўлиб олганлар.

Фуқароларнинг давлатларо миграцияси табиий ҳол ва барча томонлар учун фойдали бўлиши мумкин. Лекин, агар бир халқнинг миллионлаб вакиллари бошқа мамлакатда «тирикчилик» қилса ва аслида ўзга мамлакатда узоқ давр мобайнида яшаб келсалар, бу икки мамлакат иқтисодига таҳдид солиши аниқ. Россия Марказий Банкининг хабар беришича, ҳар йили 3,2-3,3 млн ўзбек фуқаролари турли расмий тўлов системалари орқали 2,9-3,0 млрд долларлик маблағларни ўз уйларига юборадилар. Ана шу кўп миллионлик аҳоли камида 3-6 ой мобайнида Россияда узлуксиз яшайди.

Умуман олганда, бугунги кунда 19 млнга тенг меҳнатга лаёқатли аҳолиси бўлган Ўзбекистон учун ҳар хил ҳисобларга кўра 5,8-6,0 млн.аҳолиси (31,6%) сурункали меҳнат миграциясида бўлиши жуда ачинарли ҳол.

Маълум-ки, 2017-2019 йиллар давомида мамлакатимизда урбанизация суръатлари кескин кучайиб кетди. Ваҳолан-ки, қишлоқдан кетиб, шаҳарларга келган аҳолининг аксарияти ўзига иш тополмаяпти. Расмий маълумотларга кўра, 2017 йилда расмий ишсизлик ҳажми меҳнатга лаёқатли аҳолининг 5,8% ни ташкил этган бўлса, 2018 йилда бу кўрсаткич 9,3% ни ташкил этди (2019 йил маълумотлари ҳали эълон қилинмаган). Яъни ҳар бир даврда мамлакат миқёсида 1,7-1,8 млн киши ишсиз бўлиб қолмоқда. Аҳолининг 40,9% меҳнатга лаёқатли эмас (ёши кичик ва нафақа ёшида). Бунинг оқибатида, 4 кишидан иборат оилада иккала ота-она ишламаса, тирикчилик юритиш деярли ночорлик билан тенг бўлиб қолган.

Бугунги кунда Ўзбекистон аҳолиси ҳар йили 640-650 минг кишига ўсиб бораётган бўлса, меҳнатга лаёқатли аҳоли сони демак, 360-370 мингга ўсиб келмоқда. Лекин бизнинг иқтисодиётимиз аҳолининг, меҳнат ресурсларининг шундай суръатларда ўсишини кўтара оладими, – деган мантиқий савол туғилади. Аниқ жавоб шу-ки, маълум бир тадбирлар узлуксиз амалга оширилса, албатта кўтара олади. Нафақат кўтара олади, ва балки четдан келадиган меҳнат кучига мухтож бўлади.

Лекин, афсус-ки, аслида меҳнатга лаёқатли умумий аҳоли сонидан фақат таҳминан 60 фоизи  мамлакатда доимо яшайди. Қолган шундай аҳолининг аксарияти эса, мунтазам равишда меҳнат ва даромад топиш манбаини ўзга юртлардан қидириб юради. Муаммо нимада?

Биз кўп йиллар давомида Ўзбекистонда ишчи кучи арзон, деб ўзимизни ва бошқаларни лаъқиллатиб юрдик. Ишчи кучи бизда арзон эмас, бунинг сабаблари ҳам бор:

  • ҳаёт кечириш учун минимал сават қиймати арзон эмас (гап бу ерда кўзбўямачилик билан яратилган кўрсаткичлар ҳақида кетмаяпти). Агар ишчи ўз ҳаётини таъминлаш учун етарли даромад тополмаса, у муқаррар равишда ўзга иш берувчидан, ўзга мамлакатлардан ана шу даромадни топишга интилади;
  • малакасиз ишчи кучи арзон, лекин озгина малакаси бўлган ҳатто оддий қандолат дўкони сотувчиси ҳам бир йил давомида камида 2  та ишни алмаштиради, токи ўзи мўлжаллаган ойликка эришмагунча. Яъни малакаси бўлган ишчи, боз устига мутахассис нархи бугунги кунда ойига 2,5-3,0 млн сўмдан кам эмас;
  • бизда малакали ишчиларга улар истаган ойлик маошини бера оладиган бизнес эгалари мавжуд, лекин улар умуман бошқа малакаларни талаб қилишади, умумтаълим ва олий ўқувгохлар берган малакани эмас. Натижада улар «ҳом ишчи кучини» олишга мажбур бўлиб, уларни етарли даражага кўтариш учун катта-катта маблагларни сарф этаяптилар. Яъни, озгинада малакаси бўлган инсонлар ўзлари учун белгилаган даромад даражасини иш берувчи қабул қилишига тобора эришиб бормоқдалар. Яхшилари кетиб бўлган, қолганларини эса, ана шундай талаблари бор…

Хулоса қилиб айтганда, бизда аҳоли ва ишга яроқли инсонлар сони тезда кўпайиб бормоқда, лекин уни хузурини Ўзбекистон иқтисодиёти эмас, қўшни мамлакатлар кўрмоқда. Дастлабки маълумотга кўра, олий маълумотга эга бўлиб, кўпчилик ўз билимларини чет элда қўлламоқда.

Иқтисодиётда шундай тушунча бор-ки, ахолиси таркибида ўртача оила коэффициенти 2,5 фоиздан ортиқ ўсиб бораётган халқ (жумладан Ўзбекистон ҳалқи) иқтисодий ривожланишда жуда катта устунликка эга – яъни нисбатан арзон ва тўлақонлик меҳнат ресурларига эга бўлади. Ва, аксинча, аҳолиси ўртача оила хажми коэффициенти 1,9 га эга бўлган ҳалқ қайта тикланмайди ва муқаррар йўқ бўлиб кетади.

Ўзбекистонда яқин 5-6 йил ичида энг камида 4-5 млн иш ўринлари яратилмаса, мамлакатнинг иқтисодий фаол қатламлари массив тарзда мамлакатни тарк эта бошлайди ва бу жараён борган сари кучайиб бориб, муқаррар инқирозни яқинлаштиради. 2019 йил давомида кузатилган аҳолининг иқтисодий фаол қисми ва вақтинча миграция кўрсаткичларини ўргансак, бу фикрнинг тасдиғини яққол кўрамиз.

Хўш, нега 2018-2019 йиллар давомида ишсизлик даражаси ошиб, меҳнат миграцияси ҳажми кескин кўпайди? Бизнинг фикримизча бунинг бир нечта сабаблари бор:

  • Россияда 2018 йилдан бошлаб Миллий дастурлар асосида олиб борилаётган қурилиш лойиҳаларига катта ишчи кучи талаб қилинди ва бу эса, ўз навбатида, меҳнат ҳақи даражасини ошириб (мигрантлар томонидан ўтказилаётган ўртача пул маблағлари ҳажмининг ортишига қараганда), бу соҳани мигрантлар учун жозибали кўрсатди;
  • 2017 йил давомида Ўзбекистонда янги сиёсий ва иқтисодий тизимга умидлар катта эди, лекин эътиборни қишлоқ хўжалиги ўрнига қурилишга қаратилиши, амалга оширилган ислоҳатлар натижасида реал даромадларнинг кескин камайиши ва янги иш ўринлари сони аҳоли ўсиш даражасидан ортда қолиши, кўпгина ёшларни яна миграция сўқоқларига бошлади;
  • 2019 йилдан бошлаб амалга оширилган солиқ ва божхона соҳасидаги ислоҳатлар кичик ва ўрта бизнесни тамоман инқирозга учратди, кўпчилик ўз умидини йўқотиб, ўзга юртларда ўз омадини излай бошлади;
  • Боз устига, Ўзбекистон расмийлари аҳволни аянчли ҳолдалигига тўғри баҳо бермай, амалда эмас, қоғозда иш ўринларини ярата бошлади. Бу ўринда 2019 йил ярим йили якуни бўйича бир Раиснинг даромад солиғи тўлашга ўтган жисмоний шахслар сонини янги яратилган иш ўринлари ҳисобига чиқаришга урингани жуда кулгили ва аянчли ҳол эди.

Лекин, ачинарлиси шу-ки, бизнинг ҳар йили ялпи ички маҳсулот хажмини 5-6 % га ўсишини таъминлаётган иқтисодимиз ҳажми ва ички тизилмаси жиҳатидан бугунги кунда камида 1,5-2,0 млн кишига иш бера олади. Ҳамма муаммо иш кучига бўлган талаб ва таклиф территория (худуд) ҳамда мутахассислик турлари бўйича тўғри келмайди, холос. Хусусан, агар эътибор ишчи кучи энг кўп ортиқ бўлган худудлар, айниқса, қишлоқ аҳолиси устун бўлган худудлар ва ишчи кучи энг кўп талаб қилинган соҳаларга қаратилганда эди, масаланинг ечими анча кўринган бўлар эди. Аҳоли нисбий тузилиши, меҳнат ресурслари ва ишчи ўринлари ўртасидаги тармоқларо баланс 2000 йиллардан бери умуман тузилмайди ва назарда ҳам тутилмайди

Масалан, қурилиш соҳасида ҳам умумқурилиш мутахассисликлари эмас, балки сантехниклар, сваршиклар, қурилиш машиналари механик ва операторлари кўпроқ талаб қилина бошлаяпти. Бу соҳалар озгина малакани талаб қилади ва уларни меҳнат фаолияти давомида бериш мумкин.
Қишлоқ хўжалигида ҳам айнан шу хол: механизаторлар ва механиклар, агротехниклар, мелиораторлар, яъни аниқ тор мутахассислик эгалари талаб қилинмоқда. Лекин уларни қишлоқларда ҳеч ким тайёрламайди.

Мавжуд иш миграциясининг энг муҳим ижобияти ва айни вақтда фожиаси – бу чет элдан ўз оилаларига юборилаётган пул маблағлари. Турли манба ва юртлардан расмий ва норасмий каналлар орқали ҳар йили юртимизга АҚШ долларида энг камида 5-6 млрд маблағ кириб келади. Бу жиҳатдан меҳнат ресурслари экспорти бугунги экспорт салоҳиятида энг муҳим омил бўлиб турибди.

Бошқача қилиб айтганда, меҳнат ресурслари экспорти Ўзбекистон учун жуда керакли омил чунки у:

  • Иқтисодиёт учун мўмайгина пул ва инвестициялар манбаи;
  • Меҳнатга лаёқатли, лекин махсус билимлари ва маданияти кам бўлган ёшлар билан боғлиқ бўлган барча иқтисодий ва ижтимоий муаммоларнинг экспорти;
  • Аҳолининг энг фаол қисмининг норозилик хажмини камайтиришнинг энг осон усули;
  • Мамлакатнинг ички истеъмол бозорида талаб ва таклиф мувозанатини суньий равишда ўзгартириш, яъни талабни оширишнинг жўнгина усули (одамлар четда, лекин уларнинг даромадлари шу ерда);
  • Хукумат учун камбағал ва кам даромадлик оилалар ташвишини ана шу оилалар вакилларининг ўзларининг бўйнига илишга шароит яратади.

Агар хукуматимиз иш миграциясини тўхтатиш ва янги иш ўринларини яратиш масаласини астойдил ўз олдига қўйганида эди, бу масала 1-2 йил ичида узил-кесил ҳал этилган бўлар эди.

Бугунги кунда халқ хўжалигида номинал иш ҳақининг миқдори 2,0 млн сўмдан сал ортиқ. Агар ишлаб чиқариш воситалари хажми меҳнат ресурслари хажмидан 3 баробар катта фарқ қилади деб тахмин қилсак ҳам, мамлакат хажмида 1 млн иш кучи ўрни яратиш учун 3,2 млрд АҚШ доллари миқдорида маблағ талаб қилинади, яъни ўртача ҳар бир вилоят ва Қорақалпоғистон улушига тахминан 250 млн доллар маблағ талаб қилинади. Наҳотки, шу маблағ хажми муаммао бўлса? Йўқ, муаммо умуман керакли маблағлар миқдорида эмас.
Хўш, нима қилиш керак?

  • Энг аввало, энг кўп мехнат миграцияси бўлаётган худудларда кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, уни моддий ва молиявий ресурсларга бўлган эҳтиёжини осон қондиришга аҳамият бериш керак. Бунинг учун кредит ставкалари камайиб, табиий ресурслардан фойдаланишга кенгроқ йўл очиб бериш керак ;
  • Иқтисодий фаолият авж олган соҳаларда айнан қайси мутахассисликларга сўров бўлаётганини аниқлаш (дастурчилар, сантехниклар, механик-операторлар, сотиш агентлари) ва бу соҳаларга ўқитиш ва қайта ўқитиш инфраструктурасини яратиш керак (давлат ҳисобидан бўлса ҳам);
  • Қишлоқларда турли иқтисодий афзалликлар бериш туфайли янги корхоналарнинг тузилиши, ёшларнинг бўш вақтини мароқли ўтказишига шароит яратиш, спорт иншоатларини барпо этиш керак;
  • Қишлоқда мелиорация, энергетика, газ ва сув инфратузилмаларини, автомобиль йўлларини тиклаш керак. Шунда у ерда иш ўринларини яратиш ортади.

Биз доимо Ўзбекистонда иш кучи нисбатан арзон, деб лоф урар эдик. Аслида эса ундай эмас. Бугунги кунда бизда шаҳарларда талаб қилинаётган ўртача иш нархи энг камида 2-3 млн сўмни ташкил этаяпти ва бу кўрсаткич қўшни мамлакатлардагидан юқори, ва ҳатто Хитой ва Хиндистондаги кўрсаткичлар билан тенг. Қандай қилиб биз рақобатдош бўла оламиз?

Хуллас, масалани кўндаланг қўйганда, меҳнат миграцияси Ўзбекистонда иш йўқ, маошлар кам деган афсона билан изоҳланмайди. Аслида, бу масала устун белгиланиб, астойдил киришилса, 3-4 йилда батамом ҳал бўлади. Лекин бу кимга керак бугунги кунда? Юқорида келтирилган таҳлилга асослансак – деярли ҳеч кимга.

Албатта, бу бизнинг шахсий ва тўла ҳолисликка даъво қилмайдиган фикримиз.
 
Бобур Жулқумбой

фото: REGNUM
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.