«Чармгар» маҳалласи ҳудудидаги ўзбошимчалик тўхтайдими?
«Чармгар» маҳалла фуқаролар йиғинининг (МФЙ) собиқ раиси Бахриддин Абдурахмонов 2013 йилда ушбу маҳалла раиси этиб сайланган эди.
Маҳалла оқсоқоли бўлган даврида ўз ташаббуси ва маҳалла фаоллари иштирокида маҳаллада бир қатор ижобий ишларни амалга ошириб, маҳалла фуқаролари олдида ўзининг маҳалла раислигига муносиб эканлигини кўп бор исботлади.
2012 йилда «Чармгар» маҳалласида жойлашган Қизил масжид кўчасидаги собиқ 3-сонли мехрибонлик уйи бўздирилишга тушгач маҳалла раиси Б.Абдурахмонов бир қатор маҳалла фаоллари билан маслаҳатлашиб, унинг ўрнига маҳалла гузари қуришга қарор қилади: сабаб, ҳозирги маҳалла биноси фаолиятини тўхтатган масжид биносида жойлашганлиги ва шарт-шароитлари талаб даражасида эмаслиги.
Қолаверса, эски мехрибонлик уйи биноси ўрнидан ва ҳудудидан маҳалла биносига қўшиб, болалар спорт зали, сартарошхона, этикдўзхона ва қариялар чойхонаси қурилса узукка кўз қўйгандик бўлар эди. Ўзбекистонда амалга оширилаётган «Обод маҳалла» дастурида ҳам маҳаллаларга эътиборни кучайтириб , фуқароларга хизмат кўрсатаётган маҳалла биноларида қулайликлар бўлишлиги белгилаб қўйилган.
Шу ҳолатларни ва маҳалла ободлигини ўйлаган Б.Абдурахмонов, маҳалланинг бир гуруҳ фаоллари билан Қарши шаҳар собиқ ҳокими А.Ачиловга ариза билан мурожаат қилди.
Шундан сўнг «Чармгар» маҳалла гузарини қуриш учун жой ажратиб бериш тўғрисида Қарши шаҳар ҳокимининг 2013 йил 12-ноябрдаги № 378-Ф сонли фармойиши билан нуфўзли комиссия тузилиб, Қарши шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги ер участкаларини эгалик қилишга , фойдаланишга ва ижарага бериш (реализасия қилиш) масалаларини кўриб чиқиш доимий комиссиясининг «Чармгар» МФЙга «Болалар футбол майдончаси, спортзал, маҳалла гузарини лойиҳалаштириб қўриш тўғрисида»ги далолатномаси комиссиянинг 14 та аъзолари томонидан имзоланиб, тасдиқланди
Бироқ, Қарши шаҳар ҳокими ишни пайсалга солади ва Чармгар маҳалласи фуқаролари вилоят хокимига мурожаат қиладилар. Натижада Қашқашқадарё вилоят ҳокими З.Рузиев шаҳар ҳокими ва маҳалла раиси Б.Абдурахмонов иштирокида сўралаётган жойга ташриф қилиб, ушбу жойда маҳалла гузари-комплекси қуриш учун ер ажратиш тўғрисида оғзаки топшириқ беради.
Шу даврда Қарши шаҳар собиқ ҳокими А.Ачилов бошқа ишга ўтиб кетади ва Чармгар маҳалласи фуқароларининг ташаббусини ва вилоят ҳокимининг топшириғини амалга ошириш Қарши шаҳрига янги сайланган ҳоким Ж.Фозилов зиммасига тушади.
2016 йилда маҳалла раислиги вазифасидан бўшаган Б.Абдурахмонов ўрнига янги раиси Ғ.Ибрагимов сайланади ва маҳалла гузари қуриш ишлари янги раисни мутлоқо қизиқтирмайди ва натижада маҳалла фаоллари ўзлари ҳаракат қилишга мажбур бўлади.
Шаҳар ҳокимининг қарори тасдиқланиши пайсалга солиниб келинаётган бир вақтда, «Болалар футбол майдончаси, спортзал, ҳамда, маҳалла гузари» қуриш учун ажратилган ер майдони Ахмедова Гулчехрага Қарши шаҳар ҳокимининг 2017 йил 28 декабрдаги Х-2635/12-сонли қарорига асосан «Маъиший хизмат кўрсатиш шахобчаси» объектини лойиҳалаштириб қуриш учун 900,0 кв.метр ер майдони берилганлиги маълум бўлади.
Нафақат вилоят ҳокиминнинг «ер майдони маҳалла гузарига ажратилсин» деган кўрсатмаси ҳам четда қолади, балки Ахмедованинг эри Д.Нуриддинов маҳаллага янги очилган кириб-чиқиш йўлининг қоқ ўртасидан девор тортиш мақсадида пайдевор қуришни бошлайди. Бунинг устига Нуриддинов хотинига ажратилган ер майдони чегарасини бузиб, 1200 квадра метр ерни ўзбошимчалик билан ўзлаштириб олгани маълум бўлади.
Қарши шаҳар қурилиш бўлими бошлиғи Санжар Бўронов томонидан берилган маълумотга кўра «Чармгар» МФЙ гузари қурилишида ер майдони ажратилиши тўғрисида шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги ишчи комиссиянинг ер танлаш ва ажратиш далолатномаси тузилиб, шаҳар ҳокимлигига тақдим этилган, Д.Нуриддиновга 900 кв.метр ер майдони ажратилган, бироқ у чегарани бузиб, 1200 кв.метр ер майдонини ўзлаштирган, пойдевор нотўғри қўрилган ва уни кучириш зарур, фуқароларнинг мурожаатидаги йўлга боғлиқ қисмини қаноатлантириб, мавжуд йўлни очишга ваъда берилган бўлсада бугунги кунгача ушбу пойдевор сақланиб, автомобил қатновига ҳалақит бермоқда.
Бу ҳолатлардан норози бўлган Чармгар маҳалласи фаолларининг турли мутасадди ташкилотларга қилган мурожаатлари ҳеч бир натижа бермаган. Аҳир маҳалла раиси Ғайрат Ибрагимов ўз фуқароларининг 2013 йилдан буён қийнаб келган муаммоларини ва мурожаатларини ўринсиз дея баъҳолаб турган бир вақтда, фуқаролар ҳолига қулоқ соладиган раҳбарнинг бўлмаса, адолат ҳам топилиши мураккаб.
Фахриддин Кубаев. Anhor.uz муҳбири.
P.S. Anhor.uz сайти бў ишларни кузатишга қарор қилди.
Шарҳлар