Давлат дастурлари ва уларнинг бажарилишида банкларнинг роли ҳақида
Нега давлат пуллари банкларга берилади?
Мана уч йилдирки, мамлакат раҳбарияти томонидан қурилиш соҳаси ривожланиш катализатори, Ўзбекистон иқтисодиётининг ўзига хос локомотиви сифатида белгиланган. Ушбу соҳа ҳажмларини кенгайтиришга ҳар йили кўп триллионли маблағлар сарфланади. Табиийки, бу маблағлар учта канал орқали иқтисодиётга йўналтирилади:
· Давлат бюджети ( «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла», «Ҳар бир оила – тадбиркор» мақсадли дастурлари);
· Давлат тижорат банкларининг имтиёзлари асосида ҳудудлардаги қишлоқ жойларида қурилиш дастурларини амалга оширишга бериладиган мақсадли кредит ресурслари;
· Хусусий девелоперлик, қурилиш компанияларининг инвестицион ресурслари ҳамда аҳолининг қурилаётган уй-жой харид қилиш учун маблағлари.
Бироқ, ҳудудлардан келаётган хабарларнинг кўрсатишича, бу борада ҳаммаси ҳам кўнгилдагидай силлиқ кетаётгани йўқ. Имтиёзли ресурсларни, шужумладан кредит ресурсларини тақсимлаш ва улардан фойдаланишда коррупция элементлари мавжуд. Ижтимоий дастурларга берилган кредитларнинг катта қисми қайтарилмайди (на фоизлар, на асосий сумма). Ресурслардан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатлари, уларни иккинчи даражали йўналишларга жалб этиш ҳолатлари кўп. Шу боис Ўзбекистон Президенти 25 октябрда банк тизимини ислоҳ қилиш ва банкларнинг инвестицион фаоллигини ошириш вазифаларига бағишланган йиғилишни ўтказгани ҳам тушунарли.
Бир неча марта “охирги йилларда давлат бюджетидан тижорат банкларига дастурларни молиялаштириш учун 8,4 триллион сўм, айланма маблағларни тўлдиришга 400 миллион доллар, устав капиталини оширишга 1,7 миллиард доллар ажратилгани ва умуман, охирги икки йил ичида банкларнинг капитализациясини оширишга 3,3 миллиард доллар миқдорида давлат маблағлари ажратилгани” қайд этилди.
Ушбу хабарларга шарҳларда айрим “мутахассислар” нега бу пуллар белгиланган мақсадларни амалга ошириш учун бевосита қурилиш компанияларига эмас, тижорат банкларига ажратилганидан, нега давлат маблағлари давлат банкларининг капитализациясини оширишга сарфланаётганидан ҳайрон бўларди.
Бунга қисқача жавоб беришга ҳаракат қиламиз:
Биринчидан, ҳар бир қурилиш лойиҳасининг самарадорлигини, унинг амалга оширилувчанлиги баҳолаш учун давлатда тегишли институтлар ва имкониятлар йўқ. Бунинг учун бу борада устаси фаранг бўлиб кетган банклар кредит бошқармаларининг кўп минг сонли ходимларидан иборат армияси мавжуд;
Иккинчидан, давлатда пулларни совға қилиш нияти йўқ, у уларни мақсадли, тўловли ва қайтариладиган асосда ва девелоперлар, қурувчилар, инвесторлар ҳамда аҳолининг манфаатлари мувозанатига амал қилган ҳолда инвестиция қилмоқчи. Бу эса жуда мураккаб вазифа. Аммо айнан шу нарса, яъни муайян шартларда пул бериш ва бу шартларга амал қилинишини назорат қилиш ҳар қандай банкнинг кучли томони ҳисобланади;
Учинчидан, юқоридаги конкрет сабаблар туфайли давлат бу инвестицион маблағларни давлат банклари, уларнинг кредит бошқармалари, департаментлари орқали йўналтиради. Агар бирор нарса бошқача тус олса (воқеалар шундай ривожланиши эҳтимоли эса анча юқори), давлат таваккаллар ва жавобгарликни тегишли тарзда тақсимлашини ҳам кутиш мумкин, ахир банклар бу ҳолда умумдавлат функциясини бажаряпти-да.
Нима нотўғри бўлганди?
Йиғилишда кўп масалалар кўтарилди, бироқ шундай масалалар ҳам бор эдики, улар йиғилиш иштирокчилари томонидан парда ортида муҳокама қилинди. Шунингдек, бу масалалар тўлиқ бўлмаса-да, Президент қарорларида ҳам ўз аксини топди.
Хусусан, 2017-2019 йилларда (биринчи ярмида) имтиёзли устувор кредитларнинг мавжудлиги мижозлардан жалб этилган давлат банклари маблағларининг улкан ҳажмининг оқиб кетишига олиб келди. Натижада, тижорат банклари ўзларининг анъанавий мижозларининг манфаатли лойиҳаларини кредитлашга қурби етмади, бунинг ўрнига улар бозор нархларидан арзон нархларда тўпланган маблағларни “тарқатишга” мажбур бўлди. Гап имтиёзли кредитлар бўйича фоизлар бозор ставкаларидан анча пасайтирилганида ҳам эмас, гап кўп ҳолларда бу маблағлар реал тадбиркорликка умуман алоқаси бўлмаган шубҳали лойиҳаларга берилганида. Ажратилган кредитларнинг кўпчилиги одамларнинг маиший эҳтиёжларини қоплашга, уларнинг “шахсий инжиқликларини” қондиришга, шубҳали ишлаб чиқариш воситаларини (зотдор буқалар, зотдор товуқлар, қўлдан-қўлга ўтган қишлоқ хўжалик техникасини) харид қилишга кетди, кичик қисмини эса пул тақсимловчиларнинг ўзи коррупцион схемалар бўйича “еб” қўйди.
Йиғилишда “давлат дастурлари доирасида бериладиган кредитлар фоизларининг миқдори қайта молиялаштириш ставкасига тенглаштирилиши”, 2021 йилдан эса ставкаларни белгилаш тўлиқ эркинлаштирилиши келишиб олинди. Бу биз кўрсатган муаммони ҳал қиладими? Мутлақо йўқ. Гап кредит ресурслари кўнгилли-мажбурий равишда қандай ставка бўйича берилаётганида эмас, гап улар ҳамон ўшандай шубҳали лойиҳаларга ажратилаётганида. Энди умид фақат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ажратилган кредитларни қайтариш бўйича актив фаолияти ва маблағлар қайтарилишини таъминлаш бўйича банкирларга кўрсатилган босим қайноқ каллаларни совутишидан ва талаб қилинган эҳтиёткорлик бироз юқорироқ бўлишидан, холос.
Давлат банклари ликвидлигининг сезиларли даражада тушиб кетиши, банклардан пулларнинг “оқиб кетиши”, соғлом тижорат лойиҳаларини кредитлашнинг секинлашиши ва деярли тўхташи, кредитлаш нархининг ошиши, Марказий банкнинг 8 та банкка нисбатан мажбурий санкциялари (уларнинг орасида хусусий банклар ҳам бор) давлат дастурлари остига кредитлар берган банкларнинг катта маблағлари қайтмаганининг натижасига айланди.
Нимани кутиш мумкин?
Ҳозир давлат банклари мижозлар ва уларнинг маблағларини жалб этиш учун барча чораларни кўради. Одатдагидай, депозитлар бўйича ставкалар оширилади, банкдан маблағларни чиқариб олиш секинлашади (масалан, мижоз томонидан катта маблағларнинг бошқа банкка ўтказилиши ҳақида олдиндан огоҳлантириш тўғрисидаги қоидани жорий этиш йўли билан), мижозларга хизмат кўрсатишнинг бозорга хос бўлмаган шартлари таклиф қилинади ва ҳ.к. Аммо буларнинг ҳаммаси бир пайтлар бўлган ва улар бирор-бир ижобий силжишларга олиб келмайди.
Банк (давлат банки) пуллардан эркин фойдаланишга, шу жумладан нақд пулларни ечиб олишга, рақобатбардош бўлмаган шароитлар таклиф қилинганида бошқа қанкка ўтишга (дебет айланмасига комиссиялар жорий этиш, мавжуд бўлмаган хизматлар учун янги комиссияларни ўйлаб топиш йўли билан) ҳар қандай чеклов қўллаши биланоқ, банкнинг ликвидлиги билан боғлиқ муаммолари ошиб бораверади. Бу нафақат айнан бир конкрет банкда, балки барча банкларда юз беради, чунки иқтисодиёт банкларни четлаб ўтиб, аста-секин яна НАҚД АЙЛАНМАга қараб кетади.
Шунингдек Президент Мирзиёев “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш давлат дастурлари доирасида амалга оширилаётган лойиҳаларни кредитлаш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни ҳам имзолади. Унга кўра, давлат банкларининг трансформациясини тезлаштириш ва уни сифатли амалга ошириш мақсадларида уларни акционерлаш функцияси Молия вазирлигига юклатилди. Бироқ, фикримизча, гап банкларни акционерлаш билан айнан ким шуғулланишида эмас, балки банклар қандай шартларда ва қандай “ширинликлар” билан инвесторларни жалб эта олишида. Аммо бу Молия вазирлигига топширилган экан, унинг ўзи давлат банкларининг асосий акциядори бўлиб қолади, деб қўрқаман.
Абдулла Абдукадиров
Колумнист
Шарҳлар