Ўзбекистоннинг ЕОИКга аъзо бўлиши муҳокама қилинмоқда: “Кремль Тошкентни ноқулай аҳволга солиб қўйди”

Ўзбекистоннинг  ЕОИКга аъзо бўлиши муҳокама қилинмоқда: “Кремль Тошкентни ноқулай аҳволга солиб қўйди”

«Интеграция масаласига на миграция муаммосининг ечими сифатида қаралиши, на унда ўралашиб қолмаслик керак, чунки миграция – салбий феномен, бирлашиш эса ижобий омиллар асосида амалга оширилиши зарур», – деди CABAR.asia таҳлилий платформасига берган интервьюсида ўзбекистонлик сиёсатшунос, «Билим карвони» нодавлат илмий-таълим муассасасининг директори Фарҳод Толипов.


Ўзбекистон ЕОИКга аъзо бўлиш масаласи устида ишлаётгани ҳақида РФ Федерациялар кенгашининг спикери Валентина Матвиенко Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашувдан кейин маълум қилганди.
Фотосурат: president.uz

Октябрь ойи бошида Ўзбекистон Евросиё иқтисодий кенгашига аъзо бўлиши мумкинлиги ҳақидаги баҳс-мунозаралар яна Валентина Матвиенконинг “енгил қўли” билан фаоллашди.  Унинг сўзлари ушбу масаланинг Ўзбекистон экспертлари, сиёсатчилари ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари, шунингдек Марказий Осиё минтақаси бўйича қўшнилар орасида кенг муҳокамаларни бошлаб берди. Ўзбекистон жамоатчилигининг позицияси бу борада турлича бўлди: тарафдорлар ҳам, қаршилар ҳам бор, шунингдек ЕОИК (ҳозирги аъзолари: Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Россия) билан ҳамкорликнинг бошқа имкониятларини ҳам кўриб чиқишга чақирувчилар ҳам топилди.

Ўзбекистон аҳолиси сони бўйича Марказий Осиёдаги энг йирик мамлакат ҳисобланади, ЯИМ бўйича эса иккинчи. Шунингдек у “афғон масаласини” ҳал этиш бўйича халқаро ҳамжамиятнинг муҳим ҳамкорларидан бири ҳамдир.
Минтақадаги бошқа мамлакатлар билан бир қаторда Ўзбекистон ШҲТ ва МДҲ таркибига киради. Бундан ташқари республика турли даврларда Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг (КХШТ) ва ЕврОсиёИКнинг аъзоси бўлган, аммо олдинги президент Ислом Каримов даврида Ўзбекистон ушбу бирлашмалардан ташқарида турарди.

Шунга қарамасдан, Ўзбекистон ва юқоридаги ташкилотларнинг етакчиларидан бири бўлган Россияни яқин иқтисодий, савдо ва гуманитар алоқалар боғлаб туради, улар Шавкат Мирзиёев давлат тепасига келиши билан янги туртки олди.

CABAR.asia таҳлилий платформасининг минтақавий таҳририяти сиёсатшунос, «Билим карвони» нодавлат илмий-таълим муассасасининг директори Фарҳод Толиповга республиканинг ЕОИКга аъзо бўлиш масаласи устида ишлаётгани ҳақидаги расмий баёнотлар фонида Ўзбекистоннинг кейинги қадамлари қандай бўлиши тўғрисидаги саволлар билан мурожаат қилди.

CABAR.asia: Ўзбекистоннинг ЕОИКга  аъзо бўлиши эҳтимоли ҳақидаги Россия ва маҳаллий сиёсатчиларнинг охирги баёнотларига қандай изоҳ берасиз?


Фарход Толипов, даставвал Марказий Осиё мамлакатлари минтақа даражасида бирлашиши керак, шундан кейингина бошқа халқаро бирлашмаларга аъзо бўлиш масалаларини биргаликда кўриб чиқиш мумкин, деб ҳисоблайди. Фотосурат: sayasat.org

Фарход Толипов: Кремль Тошкентни ноқулай аҳволга солиб қўйди, буюк давлатга, стратегик шерик ва иттифоқчига тўғридан-тўғри эътироз билдириш қийин, лекин бирдан рози бўлиш ҳам керак эмас. Жамоатчилик, сиёсий ва эксперт доиралар орасида кўтарилган шов-шув, албатта Тошкентни бу масалага бўлган муносабатини билдиришга мажбур қилади. Бу позиция эҳтиёткорлик билан маълум қилинди ҳам: Ўзбекистон ЕОИКга аъзо бўлишнинг барча ижобий ва салбий томонларини ўрганади, аммо қарор қабул қилишда ўзининг миллий манфаатларидан келиб чиқади. Ҳозирча тинчлантирувчи формула топилди: ЕОИКда кузатувчи мақомида бўлиш.
 
Тошкентлик эксперт сифатида ЕОИК фаолияти га қандай қарайсиз?   

Сиёсатда, айниқса халқаро сиёсатда де-юре ва де-факто вазиятлар бўлади. Де-юре – яъни ҳужжатлар ва келишувларда –  албатта, тенглик тамойилига амал қилинади. Аммо де-факто, амалда, Россиянинг яққол етакчилиги мавжуд бўлган ҳолатда, ЕОИКга аъзо мамлакатлар иқтисодий жиҳатдан ҳам, сиёсий жиҳатдан ҳам мутлақо тенг эмас. Ушбу устунлик Россия раҳбариятига, олдиндан аъзоларнинг розилигини олмасдан туриб, уларнинг номидан сўзга чиқиш ва қарорлар қабул қилиш “ҳуқуқи”ни берган қатор вазиятлар маълум.  

Бундан ташқари, кўплаб ҳимоячилар, яъни “ЕОИК назарияси ва концепцияси”нинг ҳимоячилари асосан Россиянинг ролига, у билан ҳамкорлик қилишнинг муҳимлигига ҳамда унга ошкора ёки “яширин” бўйсунишга ишора қилувчи далиллар билан ушбу бирлашмага аъзо бўлишнинг мақсадга мувофиқлигини асослашга ҳаракат қилмоқда (масалан, меҳнат миграцияси муаммоси).  

Иқтисодиёт ҳеч қачон сиёсатдан ажралган ҳолда ёки ундан олдинда юрмаган. Ҳар доим у ёки бу халқаро ташкилотни яратаётганда ёки унга янги давлат аъзо бўлиши ҳақида қарор қабул қилинаётганда сиёсий мотивация бўлади. Ҳамма нарсага реалистик назар солиш ва ЕОИКнинг сиёсий таркибий қисмидан кўз юммаслик керак, бу масаланинг геосиёсий томони ҳам мавжудлиги ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.

Ўзбекистоннинг бир неча миллион фуқароси ЕОИКга аъзо мамлакатлар – Россия ва Қозоғистон ҳудудида меҳнат қилади. Тошкент шу нуқтаи назардан аъзо бўлиш масаласини кўриб чиқяптими?

Интеграция масаласига на миграция муаммосининг ечими сифатида қаралиши, на унда ўралашиб қолмаслик керак, чунки миграция – салбий феномен, бирлашиш эса ижобий омиллар асосида амалга оширилиши зарур. Бундан ташқари, миграция муаммоси икки томонлама даражада муваффақиятли ҳал этилмоқда. Интеграция бошқа ундовчи сабаблардан ривожланади, бир мамлакатнинг иккинчисига миграция борасида тобелигидан эмас.  

Ўзбекистоннинг ЕОИКга аъзо бўлишидан Россия қандай манфаат кўради?

Ушбу жараённинг геосиёсий таркибий қисми мавжудлигини истисно қиладиган сабабларни ҳозирча кўрмаяпман. Аммо бу том маънода қарама-қаршилик эмас. Иттифоқчилар, шерикларга эга бўлиш, чегаралар бўйлаб буфер зоналарини яратиш (“ерларни тўплаш” концепциясининг бошқача шакли), айниқса АҚШ санкциялари ва дунё сиёсатида рақиблиги туфайли халқаро изоляция фонида Москванинг муҳим стратегик вазифаси ҳисобланади. Бизнинг минтақамиз тарихий Ипак йўли маркази сифатида ҳар доим жаҳон давлатларининг геосиёсий амбициялари марказида бўлган. Афтидан, бизга келажакда ҳали геосиёсий турбулентликлар ҳамроҳ бўлиши мумкин.  

ЕОИКга ўхшаш бирлашмалар формати мамлакатлардаги органлар ваколатларининг муайян бир қисмини ташкилот қароргоҳига делегациялашни кўзда тутади. Ўзбекистон бунга тайёрми?

Йўқ, тайёр эмас. Лоақал, Каримов даврида шундай эди.  Айнан шунинг учун яқин пайтгача Ўзбекистон кўп томонлама форматларда фаол аъзоликдан ўзини тийиб келди. Аммо минтақавий тузилмаларда иштирокнинг тикланиши ваколатларнинг делегацияланиши масаласини яна долзарблаштиради. Шу боис, Марказий Осиё мамлакатлари йирик, мураккаб, геосиёсий юкламалардан эркин бўлмаган ва баравар бўлмаган аъзолардан таркиб топган тузилмада ваколатларни делегациялаш муаммоси ҳақида бош қотиришдан олдин, миллат усти органларига ваколатларни, биринчи навбатда ўз минтақавий тузилмаси доирасида, яъни бешта давлатдан иборат кичик гуруҳда делегациялашни ўрганиши керак, деб ҳисоблайман.

ЕОИК доирасида сиёсий қарорларни мажбуран юкламасликлари учун, даставвал, Марказий Осиё минтақавий бирлашмаси жараёнини тўлақонли ишга тушириш муҳимроқ ва устувор масала ҳисобланади. Кейин биргаликда, яъни минтақавий интеграцион блокка айлангандан сўнг, бошқа ташкилотлар ва ҳатто буюк давлатлар билан муносабатларни қуриш керак.  


Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг Россия билан ҳамкорлигини мустаҳкамлади. Лекин унинг якуни нима бўларкин? Фотосурат: “РИА Новости”/ “ МИА Россия сегодня”.

Бу масалада муҳокамалар бошланганига Ўзбекистоннинг бошқа ташқи сиёсий шериклари қандай муносабатда бўлиши мумкин? 

Ғарбнинг фикри, албатта, Тошкент учун аҳамиятга эга, бунинг устига Ғарб албатта ушбу воқеага ўз баҳосини беради. Геосиёсий нуқтаи назардан Ғарб, Туркия ва Хитой (турли даражада ва турли сабабларга кўра) Ўзбекистон ЕОИКга аъзо бўлишидан манфаатдор эмас.
Бошқа томондан, Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатлари билан Туркманистон минтақадаги изоляциядан чиқа бошлади ва минтақавий саммитларда қатнашмоқда. Бу, ниҳоят Туркманистон Марказий Осиё  мамлакатлари оиласига қайтишига умид берди.

Шу боис Ўзбекистоннинг ЕОИКга аъзо бўлиш эҳтимоли Туркманистонни ҳамда Ўзбекистонга тенглаштириш мумкин бўлган Тожикистонни турлича тушунилиши мумкин бўлган ҳолатга солиб қўйиши мумкин.

Ушбу масала бўйича қарор қабул қилишда ҳукумат томонидан экспертлар ҳамжамияти ва кенг жамоатчилик фикри инобатга олинадими? Қатор жамоат арбоблари ўз нуқтаи назарини билдиряпти, ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида фаол муҳокамалар бормоқда.

Ҳозир кузатаётган нарсамиз – бу жонли ва мураккаб муҳокама жараёнидир, нафақат партиялар, балки экспертлар ва таҳлилчилар орасида ҳам позициялар кураши кетмоқда. Айтгандай, партиялар учун бу сиёсий қодирлик ва етукликка яхши синов бўлади, чунки улар шу пайтга қадар “юзсиз” эди, улар сиёсий тизимнинг мустақил бўлмаган субъектлари эди.

Қатор ҳолатлар бизни энг муҳим қарорлар тор элита доирасида борган сари камроқ қабул қилинадиган даврга олиб келяпти, деб ўйлайман.
Мирзиёевнинг ислоҳотлари мисли кўрилмаган кўламни қабул қилмоқда. Улар жамоатчилик қизиқишини ва демократик сайлов ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан тортиб, то роботлаштириш ва мамлакат учун учун 3,4 глобал технологик инқилоб аҳамиятигача бўлган мамлакат ривожининг турли муаммолари бўйича жамоатчилик дискурсини тобора эркинроқ қилмоқда.

Шундан келиб чиққан ҳолда, экспертлар Ўзбекистоннинг ЕОИКга аъзо бўлиш бўйича қарорнинг ишлаб чиқилишига ўз ҳиссасини қўша олишига деярли ишончим комил. Буни ҳукумат вакиллари ва сиёсий партияларнинг мавжуд аҳволга изоҳ берувчи баёнотлари ҳамда уларнинг бу масаладаги расмий позициялари ҳам кўрсатмоқда.

Умуман олганда, мамлакатга янги муҳим қонунлар, йирик дастурлар ва бошқа муҳим ҳужжатларни қабул қилишнинг янгича модели тоборо кўпроқ кириб келмоқда. Унга кўра бу ҳужжатлар кенг жамоатчилик муҳокамаси ва янги таклифлар киритилиши учун эълон қилинади.  

Биз кўриб чиқаётган масала ҳам  кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтмасдан туриб ҳал этилмайди, деб ўйлайман, чунки ҳозирнинг ўзидаёқ унинг ижтимоий ва сиёсий акс-садоси борган сари кучаймоқда.

Бу масалада референдум ўтказилиши мумкинми

Малакали ечим референдум ўтказиш ғоясига зид келмайди. Аслида дебатлар бошланиб кетган. Ижтимоий тармоқларга, айрим сайтлардаги мақолаларга ва интервьюларга бир қаранг – бу масала аллақачон кенг муҳокама қилиняпти. Бундан ташқари, сиёсий партиялар ҳам ўзларининг бу масаладаги нуқтаи назарларини билдира бошлади. Телевидениеда ҳам экспертлар иштирокида кўрсатувлар циклини бериш мақсадга мувофиқ бўларди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.