Сўровнома чоп этган Insider телеграм-каналининг муаллифи қонунчиликни буздими?
Блогерлар ва журналистлар юридик клиникасига Саша Иванюженко мурожаат қилди:
«Мен 6000 кишилик аудиторияга эга @insider_uz каналининг муаллифиман. 28 октябрь куни каналда “Партиялар бош вазирликка ўз номзодларини илгари сурди. Ким яхши?” деган сўровномани чоп этдим. Савол канал аудиториясига қаратилган эди. Уч кун ичида 33 000 киши овоз берди. Кейин Адлия вазирлигининг матбуот хизмати uza.uz сайтида мақола чоп этиб, унда менинг сўровномамни асоссиз ва миш-мишларни тарқатувчи ҳамда қонунчиликка зид деб айтди.
Савол: бу билан қонуннинг қайси нормалари бузилди ва умуман бу қонунбузарлик ҳисобланадими? Шунингдек сайловлар пайтида қонунни бузмаслик учун ОАВ хатти-ҳаракатлари қоидаларини билишни истардим».
Саволга қисқача жавоб – йўқ, канал муаллифи қонунчиликни бузмади. Медиа-ҳуқуқ ва интеллектуал мулк соҳасига ихтисослашган ҳуқуқшунос Мадина Турсунованинг тўлиқ жавоби билан клиника саҳифасида танишишингиз мумкин.
«Конституцияга мувофиқ Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний тамойилларга асосланади. Уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, ор-номуси, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29-моддасига мувофиқ ҳар бир киши фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига, шу жумладан ҳар қандай ахборотни тарқатиш ҳуқуқига эга.
Шундай қилиб, амалдаги қонунчиликда сайловлар ҳақида ахборот тарқатишга, ижтимоий тармоқлар, телеграм-каналлар ёки веб-сайтларда фикрларни билиш учун сўровномалар ўтказишга тақиқ мавжуд эмас. Блогерлар, телеграм-каналлар, ижтимоий тармоқлар ва веб-сайтлар ОАВ бўлмагани ҳолда сайловолди ташвиқотида қатнашиши мумкин эмас, аммо ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари, блогерлар ва Ўзбекистоннинг барча фуқаролари илгари сурилаётган номзодлар ва сиёсий партияларга ўз муносабатини қонунчиликка зид бўлмаган ҳар қандай шаклда билдириш бўйича конституциявий ҳуқуққа эга», – дейилади клиника хабарида.
Шарҳлар