Сенат аъзолари зўравонлик воқеаси бўйича ИИВ бирлашган таҳририятининг фикрига қўшилмади
Бундан олдин ИИВ бирлашган таҳририятининг сайти жавобгарликни беш киши зўрлаган аёлнинг ўзига қисман юклаганди. Уларнинг фикрича, “ёш аёлнинг ота-онаси қандай қилиб қизларининг тунда юришига рухсат бергани қизиқ ҳолат”.
Ўзбекистон Республикасининг Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси ва Олий Мажлис Сенати Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ушбу жиноят иши юзасидан мутасадди идоралар томонидан зарур чоралар кўрилишини назоратга олди. Хабарда айтилишича, аёл “оиласини боқиш учун официант бўлиб ишлаган ва уйига қайтаётган пайтда зўрланган”.
Олий Мажлис Сенати ИИВ таҳририяти томонидан кўрсатилган сабабга қўшилмади: “Ачинарлиси, кўнгилсиз воқеага учраган бу аёлнинг тунда кўчада юргани ёки ахлоқий юриш-туриши мазкур мудҳиш жиноят содир этилишига асосий сабаблардан бири сифатида кўрсатилмоқда”.
Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси бу ҳолатни фақат ана шу омил билан боғлаш нотўғри эканлигини таъкидламоқда.
«Унутмаслигимиз лозим, мамлакатимиз Конституцияси ва қонунларида ҳар бир фуқаро хоҳ тун, хоҳ кундуз бўлсин, кўчада юриши тақиқланмаган, шунингдек ҳеч ким бировнинг ахлоқсизлигини рўкач қилиб, уни ўзбошимча жазолашга ҳаққи йўқ».
Шунинг учун масалага бундай тор маънода ёндашиш юртимизда тунда юриш зўравонлик қурбони бўлишга сабаб бўлади деган мутлақо нотўғри қарашларнинг шаклланишига, натижада мамлакатимизда ўрнатилган қонун устуворлиги ҳақида янглиш фикр пайдо бўлишига олиб келади, – дейилади Сенат хабарида.
Шарҳлар