Алданган беморга кўз клиникасида сарфлаган пуллари қайтарилди
Жорий йилнинг 5 июнь куни пойтахтнинг Миробод тумани Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига шу туманда истиқомат қилувчи Сергей Захаров ариза билан мурожаат қилди. Унда билдирилишича, Захаров 2013 йил ноябрь ойида кўриш қобилияти ёмонлашгани сабабли туманнинг Меҳржон кўчаси, 8-уйда жойлашган “Оrion medicity” МЧЖ кўз клиникасига мурожаат қилган.Уни шу клиниканинг шифокор-офтальмологи Г.Акрамова ҳамда бош шифокори Акшей Кхера уни қабул қилишган. Текширув жараёнида чап кўзида катаракта борлиги, уни ривожланмасидан олдин жарроҳлик усулида олиб ташлаш кераклиги айтилган. Лекин унгача соғломлаштириш курсидан ўтиши лозимлиги, шунда кўриш қобилияти 80 фоизга яхшиланиши билдирилган, деб ёзади Ўзбекистон истеъмолчиларининг ахборот ресурси.
Шифокорларнинг тавсиясига амал қилган С.Захаров 2014 йилнинг 25 февралигача соғломлаштириш курси бўйича даволанган. Бунинг учун 586000 сўм сарфлаган. 25 февраль куни эса унинг кўзи 1300000 сўм эвазига шифокор Акшей Кхера томонидан операция қилинади. Бироқ вақт ўтса ҳамки, кўз нури яхшиланмайди. Шифокорлар эса сабр қилишини, кейинчалик кўзининг кўриш қобилияти албатта ижобий томонга ўзгаришини таъкидлайверишади.
С.Захаров ўз соғлиғи ҳақида қатъий хулосага келиш учун Республика Микрохирургия маркази мутахассисларига учрайди. Мазкур марказ шифокорлари: “Сизнинг ёшингизда бу каби жарроҳлик ёрдам бермаслиги аниқ эди-ку”, деган фикрни билдиришади.
“Шундан сўнг истеъмолчи “Оrion medicity” МЧЖ шифокорлари била туриб моддий ва маънавий зарар етказди, дея ҳисоблайди ва ўзининг поймол бўлган ҳуқуқларини тиклаш мақсадида жамиятимизга мурожаат қилади. Мутахассисларимиз томонидан ушбу ариза жойига бориб ўрганилди. С.Захаровга соғломлаштириш ҳамда жарроҳлик учун кетган пуллари ундириб берилди”, дея қайд этади Миробод туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятининг раиси Зафаржон Маккамбаев.
Шарҳлар