Тошкент метросида электрон тўлов терминаллари ўрнатилмоқда
6 августдан бошлаб Тошкент метрополитенининг бир нечта бекатида, хусусан, “Мустақиллик майдони” ва “Буюк Ипак йўли” бекатларида электрон тўлов терминаллари жойлашган турникетларни ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.
“Буюк Ипак йўли” бекати маъмуриятининг ANHOR.uz таҳририятига берган маълумотига кўра, турникетлар ҳозирча фақат ўрнатилмоқда, улар айнан қачон ишга тушиши номаълум.
«Бу синов турникетлари бўлиб, уларни ўрнатгандан сўнг турникетлардан метрополитен ходимларининг ўзи фойдаланади. Синов давридан сўнг барча турникетлар алмаштирилиши эҳтимоли катта. Ҳозирча метро бекатининг иккита кириш жойига биттадан шундай турникет ўрнатилади», – дейишмоқда “Буюк Ипак йўли” бекатининг маъмуриятида.
Эслатиб ўтамиз, июль ойи бошида Тошкентда ягона тўлов картасидан фойдаланган ҳолда йўл ҳақини электрон тўлаш тизими жорий этилиши ҳақида хабар берилганди. Лойиҳанинг бошланғич босқичида ушбу тизимни Тошкент метрополитенида жорий этиш кўзда тутилган. Лойиҳага кўра келгусида смарт-карталар метро жетонлари ҳамда автобус ва трамвайларда чипталарнинг ўрнини босади.
Фотосурат: Мехико метроси. ©Wikimedia.com
Шарҳлар