Автосалонларда шартномалар берила бошланди – одамлар кечаси билан навбатда турмоқда (фото)
6 августдан бошлаб республика автосалонларида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобилларни миллий валютада харид қилишга шартномалар пайдо бўлди. “Водители Ташкента” (“Тошкент ҳайдовчилари”) гуруҳига одамлар кечаси билан ёки эрта тонгдан навбатга турганини акс эттирувчи фотосуратлар жойлаштирилди:
Шартномага кўра автомобиль умумий қийматининг 85%ни тўлаш, 90 кунга яқин кутиш ва шундан сўнггина қолган 15%ни тўлаб, автомобилни олиш мумкин. Шартномалар ҳар доим кам бўлгани учун автосалонлар ёнида ҳамиша навбат кузатилади.
Эслатиб ўтамиз, қўшни мамлакатларда GM Uzbekistan корхонасида ишлаб чиқарилган автомобиллар Ўзбекистонга қараганда 2 баравар арзон туради. Бу «Дженерал Моторс Узбекистан» ЁАЖда ишлаб чиқарилган ва ички бозорда сотиладиган автомобилларга қўйиладиган акциз солиғининг ставкаси билан изоҳланади, ушбу ставка автомобиль қийматининг 29%ни ташкил этади.
Нега Ўзбекистон фуқаролари маҳаллий автомобилларни сотиб олиш учун соатлаб навбатда туриши, шартнома олиш ҳуқуқи учун курашиши, олдин автомобиль қийматининг 85%ни тўлаб, кейин 3 ой кутиши кераклиги – номаълум. Ҳолбуки “GM Uzbekistan” автомобиллари хорижда нафақат арзон туради, балки ҳеч қандай навбатсиз, чегирмалар ва бонуслар билан сотилмоқда.
Шарҳлар