Жиноятчи ватанига қайтарилди

Жиноятчи ватанига қайтарилди

Россиянинг Уфа шаҳрида қўлга олинган уюшган жиноий гуруҳ аъзоси Ўзбекистонга экстрадиция қилинди.

Уюшган жиноий гуруҳ таркибида 430 млн рублдан зиёд маблағни ўзлаштириб олишда айбланаётган Ўзбекистон фуқароси ватанига экстрадиция қилинди, дея хабар беради Бошқирдистон Республикаси прокуратураси.

32 йшли Акмал Истамовни ватанига қайтариш ҳақидаги қарор республика прокуратурасининг экстрадицион текширув материаллари бўйича Россия Федерацияси Бош прокуратураси томонидан қабул қилинган. Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг тахминига кўра Истамов 2006-2007 йилларда ўзбек банкларининг бирида бўлим бошлиғи бўла туриб, собиқ Самарқанд вилояти раҳбари вазифасини бажарувчи шахс раҳбарлигидаги уюшган жиноий гуруҳ таркибига кирган.

Жиноятчи алдов йўли билан банкка юридик ва жисмоний шахслардан омонатларни жалб этган ҳамда жиноий фаолиятидан тушган даромадларни легализация қилган. Бу мақсадда у ҳужжатларни қалбакилаштирган ва сохта корхоналарни таъсис қилган. Мазкур жиноий гуруҳ фаолиятидан кўрилган зарар 430 млн рублдан зиёд маблағни ташкил этган.

Истамов фош этилганидан сўнг халқаро қидирувга берилган ва бегона мулкни ўзлаштириш ва сарфлаб юбориш, фирибгарлик, ўз лавозимини суистеъмол қилиш ва жиноий даромадларни легализация қилишда айбланган. 2014 йил январида айбланувчи Уфа шаҳрида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ушланди.

РФ Бош прокуратурасининг қарори билан Истамов РФ Жазони ижро этиш федерал хизмати томонидан Ўзбекистон Республикасининг тегишли органларига топширилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.