Украина самолётларининг Россия орқали парвозлари тақиқланишидан “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ютиши мумкин
Украина авиакомпанияларига транзит рейсларини РФ ҳудуди орқали амалга ошириш тақиқланди. Бу ҳақда РФ бош вазири Дмитрий Медведев ҳукумат йиғилишида маълум қилди.
«Ҳукумат томонидан қабул қилинган бир қарор бор – сўз Россия ҳаво ҳудудидан Озарбайжон, Грузия, Арманистон ва Туркияга парвозларни амалга оширувчи Украина авиакомпанияларининг транзит рейсларини тўхтатиш ҳақида бормоқда», – деди Медведев.
Агар Россия тақиқлар рўйхатини фақат шу мамлакатлар билан чекласа, Украина авиакомпаниялари деярли зарар кўрмайди, кўпи билан мазкур давлатларга парвоз вақтини 15-30 дақиқага оширади, холос.
Мабодо Россия ўз ҳудудидан транзит парвозларини бутунлай тақиқлаб қўйса, унда Украина авиакомпанияларининг кўпчилиги ўз парвозлари тармоғини тўлиқ ўзгартиришига тўғри келади, деб ёзади Авиапорт.ру.
Бу асосан Украина халқаро авиалинияларининг (УХА) фаолиятига, биринчи навбатда Ўзбекистонга амалга ошириладиган парвозларга таъсир қилади. Масалан, Миллий авиакомпаниянинг “Тошкент-Киев-Тошкент” рейсларида 2 соат ва ундан ортиқ парвоз вақти бўйича устунлик пайдо бўлади.
«Украина авиакомпаниялари парвозлар сонини сезиларли қисқартириши, айрим йўналишларни эса ёпиши мумкин. Чунки нафақат парвоз вақти, балки рейсга кетадиган харажатлар миқдори ҳам ошади (қўшимча ёнилғи, экипажнинг парвоз соатлари, ҳаво кемасидан фойдаланиш). Шунингдек ҳар бир самолёт бўйича парвозлар тармоғини қайта кўриб чиқишга ҳам тўғри келади, бу эса чипталарнинг нархига ҳам таъсир кўрсатади», – дейилади Россия нашри чоп этган хабарда.
УХАда расмий ҳужжатлар чоп этилгунга қадар шошилинч хулоса чиқармасликни таклиф этишмоқда. “Керак бўлса, айланиб ўтамиз. Бунинг имкони бор”, – дейди УХА тижорат бўйича вице-президенти Сергей Фоменко.
Украина Давлат авиация хизматининг раҳбари Денис Антонюкнинг сўзларига кўра, Украина Россия ҳудуди орқали транзит парвозларини чеклашга доир Россия Федерациясидан ҳеч қандай хабарнома олмаган: “Биз Россия авиацияси раҳбарларидан хабарнома кутяпмиз, бироқ ҳозирча ҳеч нима олганимиз йўқ. Дастлаб, Украина авиакомпаниялари йўналишларининг бир қисми жиддий тарзда узайтирилади. Уларнинг қайси бири тўхтатилиши ҳозирча тушунарсиз”.
Эслатиб ўтамиз, 2014 йил 15 июль куни “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК Тошкент ва Киев ўртасида ҳаво йўлини очган эди, 14 августдан бошлаб эса УХА авиакомпанияси Киев ва Тошкент ўртасида тўғридан-тўғри мунтазам парвозларни амалга оширишни режалаштираётганди. Келишувга мувофиқ ҳар бир авиакомпания ҳафтасига иккита рейсни амалга оширади.
Шу билан бирга июль ойи охирида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК йўловчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида “Тошкент-Киев-Тошкент” HY- 741/742 рейси учун хавфсиз йўналиш ишлаб чиқилгани ва у Россия ва Белоруссия томондан “Борисполь” аэропортига қўниш билан амалга оширилиши ҳақида хабар берганди. Бунда парвозларнинг давомийлиги ўртача 10-15 дақиқага ошиши қайд этилган.
Шарҳлар