Тошкентдаги Ботаника боғи ноёб табиий-ўсимлик марказига айлантирилади
Ботаника боғи ҳудудида “Яшил театр” ташкил этилади, бу ерда илмий-маърифий характердаги маданий тадбирлар ўтказилади. Ушбу чора ЎзР Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 1 августдаги 211-сонли қарорида кўзда тутилган.
Ҳужжатга кўра Ботаника боғи тубдан янгиланади. Хусусан, боққа кириш зонаси ва боғнинг магистрал ўқи бўйлаб жойлашган объектлар реконструкция қилинади. Бу ерда ташриф маркази, Ўзбекистоннинг табиий-маданий меросини акс эттирувчи экспозиция, гербарийлар ва зоологик тўпламларга эга замонавий илмий мажмуа ҳамда молекуляр биология ва биотехнологиялар лабораторияси барпо этилади.
Шунингдек боғнинг йўл тармоғини модернизация қилиш, коммунал хўжалик, суғориш ва сувни қочирадиган зовурлар тизимини реконструкция қилиш, ҳар бир экспозиция зонасини мавзулари бўйича ободонлаштириш, оранжерея ва иссиқхоналарни реконструкция қилиш кўзда тутилган.
Шу тариқа, Ботаника боғини ноёб табиий-ўсимлик марказига айлантириш ва уни жаҳон даражасига олиб чиқиш режалаштирилган. Мазкур ишларни амалга ошириш 2014-2017 йилларга мўлжалланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2014 йил 12 январь куни Вазирлар Маҳкамасининг Тошкент Ботаника боғи дунё минтақаларини акс эттирувчи ҳудудларга ажратилиши ҳақидаги баённома қарори тўғрисида хабар берилганди. Ушбу қарорга кўра шундай ҳудудларнинг ҳар бири учун муайян вазирлик ёки идора жавобгар бўлади.
Шарҳлар