Тошкентда ичимлик суви билан таъминлаш тизими модернизация қилинмоқда
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 июндаги “Тошкент шаҳрининг ичимлик сув таъминоти ва сув оқова тизимига замонавий энергия тежайдиган технологияларни татбиқ қилиш ва модернизация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ “Сувсоз” давлат унитар корхонаси замонавий энергия тежайдиган қарийб 240 та насос сотиб олиш учун шартнома тузди. Ушбу насосларнинг айни пайтда 135 тасидан самарали фойдаланилмоқда, дея хабар беради ЎзА.
Корхона бош муҳандиси М.Аббосхоновнинг сўзларига кўра, пойтахтимизга ҳар куни марказлаштирилган сув таъминоти тармоқлари орқали икки миллион куб метрдан зиёд сув етказиб берилади. Ушбу тармоқларнинг умумий узунлиги 3,6 минг километрдан ошади. Бу Тошкент шаҳри аҳолисини марказлаштирилган сув таъминоти билан қамраб олиш ва узлуксиз тоза ичимлик суви етказиб беришга кўмаклашмоқда.
Шунингдек корхона томонидан Тошкент шаҳар сув таъминоти тизимининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва такомиллаштиришга қаратилган қиймати 10 миллион долларлик инвестиция лойиҳасининг амалга оширилиши “Қодирия” сув ўтказиш иншооти, Қибрай сув чиқариш иншооти ва Бўзсув бош сув иншоотида янги насослар ўрнатилишига ёрдам берди.
Айни пайтда учта канализация тозалаш иншооти реконструкция қилиниб, эскирган ускуналар алмаштириляпти, шунингдек Қорақамиш коллектори қурилиши ҳам ниҳоясига етказилмоқда.
Шарҳлар