Ўзбекистонлик аёлларнинг хорижга чиқиши учун қўшимча рухсатнома олиши кераклиги ҳақидаги миш-мишлар рад этилди
Тошкент шаҳридаги туман ҳокимликлари аёлларнинг хорижга чиқиши учун рухсатнома бериш мажбурияти юклангани ҳақидаги маълумотни рад этди. Бу ҳақда Podrobno.uz нашрига таянган ҳолда Kun.uz ёзади.
Аввалроқ, бир қатор ахборот манбаларида (номлари кўрсатилмаган) Ўзбекистонда 2014 йил 1 августдан бошлаб 35 ёшга тўлмаган аёллар хорижга чиқиши учун туман ҳокимлигидан қўшимча рухсатнома олиши кераклиги ҳақида хабарлар пайдо бўлганди.
ОАВ тарқатган хабарларга кўра, ўзбекистонлик аёллар чет элга чиқишга рухсат берувчи виза (стикер, ОВИР)ни олиш учун ҳокимликда суҳбатдан ўтиши керак; бироқ, айни пайтга қадар бундай амалиёт фақат туман ички ишлар бўлимида кузатиларди.
Тошкент шаҳридаги Олмазор, Юнусобод ва Ҳамза тумани ҳокимликларидан маълум қилишларича, бирорта ҳам туман ҳокимлиги бу каби фаолият билан шуғулланаётгани йўқ. Бундай ваколат туман ҳокимликларига ўтказилгани ҳақида Юнусобод тумани ИИБда ҳам билмасликларини маълум қилишган.
«Айни вақтда, аҳоли орасида саросима ортиб бормоқда, ушбу ахборот ижтимоий тармоқларда фаол муҳокама қилиняпти. Бироқ, чет элга чиқиш учун ҳақиқатан ҳам туман ҳокимлигида суҳбатдан ўтган бирорта ҳам одам ҳозирча топилгани йўқ», – дейилади Podrobno.uz хабарида.
Фотосурат: ©Podrobno.uz
Шарҳлар