Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги мактабларга қабул қилиш учун “қўшимча шартлар” ноқонуний эканини билдирди
“Facebook” ижтимоий тармоғидаги «Общественный контроль» («Жамоатчилик назорати») гуруҳида Ўзбекистонда мактаб ёшига етган болаларни мактабларга беришда баъзи муаммолар кузатилаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Унда баъзилар фарзандларини мактабга қабул қилишдан бош тортишаётганини айтган бўлса, баъзилар А гепатитига қарши эмлангани ҳақида маълумотнома сўрашаётганини таъкидлаган. Яна бошқа ҳолларда эса ота-оналардан мактабга моддий ёрдам бериш ёки қурилиш материаллари етказиб беришни сўрашган, деб ёзади “Дарё” нашри.
«Uz24» нашри шу хабарларга асосланиб, Халқ таълими вазири номига расмий хат билан чиққан ва жавоб хатини олган. Унда қайд этилишича, 7 ёшга тўлганлар, шунингдек мактабда таълим олишга тайёрлиги ҳақида психология ва педагогика ташхис марказининг тегишли хулосасини олган 6 ёшли болалар биринчи синфга ҳеч қандай дастлабки шартларсиз қабул қилинади.
«Мактабга қабул қилинмасликка ягона сабаб ушбу мактаб бириктирилган ҳудудда яшамайдиган болалар учун жой йўқлиги бўлиши мумкин. Мактабга қабул қилиш учун қолган барча “қўшимча шартлар” ноқонунийдир», — дейилади ҳужжатда.
Шунингдек хатда мактабга асоссиз равишда қабул қилишмаса, халқ таълими вазирлигига ёки 1006 ишонч телефони орқали мурожаат қилиш тавсия этилган.
Фотосурат: UZ24.uz
Шарҳлар