ЎзР Ички ишлар вазирининг ўринбосари байрам тинч ва осойишта ўтиши учун барча чоралар кўрилганини билдирди
Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ўринбосари, полковник Баҳодир Қурбонов истиқлол байрами арафасида эл-юртимиз тинчлиги ва осойишталигини янада мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида ЎзА мухбири билан суҳбатлашди.
Б.Қурбоновнинг сўзларига кўра, режага мувофиқ айни кунларда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар, шаҳар ва туманлар марказларида – байрам ўтадиган барча жойларда жамоат тартибини сақлаш, фавқулодда ҳодисаларнинг олдини олиш, аҳолининг тинчлиги, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳаракати хавфсизлигини назорат қилиш юзасидан алоҳида гуруҳлар иш олиб бормоқда.
“Ҳар бир қишлоқ, овул, қўрғон ва маҳаллада ички ишлар идоралари ходимлари, профилактика инспекторлари, маҳалла посбонлари, фаоллар, маҳалла оқсоқоллари, таълим-тарбия соҳаси вакиллари иштирокида аҳолини огоҳлик ва ҳушёрликка даъват этувчи “Тинчлик – улуғ неъмат”, “Огоҳлик – давр талаби”, “Ўз уйингни ўзинг асра” каби мавзуларда учрашувлар, маърифий тадбирлар ўтказилаётир”, – дейди у.
“Байрамни тинч ва осуда ўтказиш учун жиноят ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашишни янада кучайтириш, жамоат тартибини сақлаш, жиноят содир этишга мойил шахсларни аниқлаб, уларга жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликда ижобий профилактик таъсир кўрсатиш мақсадида тегишли тезкор-профилактик тадбирлар ўтказилмоқда.
Байрам тадбирлари ўтказиладиган жойларда нохуш ҳолатларнинг юзага келишига йўл қўймаслик мақсадида маҳаллий ҳокимликлар қошидаги оммавий тадбирларни ўтказиш бўйича махсус комиссиялар аъзоларидан иборат гуруҳлар ташкил этилиб, байрам билан боғлиқ барча объектларнинг техник ва ёнғин хавфсизлиги ҳолати атрофлича ўрганиб чиқилди”.
Шунингдек Ички ишлар вазирининг ўринбосари байрам иштирокчиларини белгиланган манзилларга олиб бориш, олиб келишга алоҳида эътибор қаратилаётганини ҳам таъкидлади.
Шарҳлар