Россия ОАВ: Ўзбекистон ШҲТ машқларида қатнашмайди
Ўзбекистон Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ)га аъзо мамлакатлар қуролли кучларининг “Тинчлик миссияси” деб номланувчи ҳамкорликдаги аксилтеррорчилик машқларида қатнашмайди.
ИТАР-ТАСС тарқатган хабарга кўра, бу йил машқлар 24-29 августлар кунлари Хитойнинг Чжужихэ (Zhurihe, Хук-Хото шаҳри, Ички Мўғилистон автоном ҳудуди) ҳарбий полигонида ўтказилади. Ўзбекистондан ташқари барча аъзо мамлакатлар қатнашадиган машқларга 7 мингдан ортиқ ҳарбий жалб этилади, уларнинг 5 мингга яқини хитойлик ҳарбийлардир. Россия томонидан машқларда 900 га яқин ҳарбий, Қирғизистондан 500 га яқин аскар, Қозоғистондан 300 га яқин десантчи, Тожикистондан 200 дан ортиқ аскар қатнашади.
Машқлар тўртта тактик эпизоддан иборат бўлади: разведка ва жанг майдонини назорат қилиш, биргаликдаги нуқтали зарбалар, муҳим объектларга ҳужум ва уларни йўқ қилиш, шаҳар шароитларида жанговар ҳаракатларни олиб бориш.
Машқларни нафақат ШҲТга аъзо давлатлар штабларининг раҳбарлари, балки Ташкилот котибияти, террорчиликка қарши курашиш бўйича минтақавий ташкилотлар, ШҲТга аъзо бешта кузатувчи мамлакат (Эрон, Покистон, Афғонистон, Мўғилистон ва Ҳиндистон), мулоқот бўйича учта шерик мамлакат (Шри-Ланка, Белоруссия, Туркия) ҳамда дунёнинг 60 дан зиёд мамлакатидан ташриф буюрган ҳарбий атташелар ҳам кузатиб боради.
Шарҳлар