Энди ОАВ сўровлари давлат ҳокимияти органлари томонидан 7 кун ичида кўриб чиқилади
Адлия вазирлиги томонидан Тошкент шаҳар адлия бошқармасида давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамкорлигида «Очиқликнинг ҳуқуқий асослари» мавзусида анжуман ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикасининг “Дaвлaт ҳoкимияти вa бoшқaруви oргaнлaри фaoлиятининг oчиқлиги тўғрисидa”ги Қoнун мазмун-моҳияти ва уни амалиётда қўллашнинг муҳим жиҳатлари атрофлича муҳокама қилинди, дея хабар беради Адлия вазирлигининг Ахборот хизмати.
Мазкур Қонунда ахборотдан фойдаланувчиларнинг сўровларини давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан кўриб чиқишнинг аниқ муддатлари белгиланди. Қонун қабул қилингунга қадар фаолиятга доир сўровлар амалдаги “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун талабларига мувофиқ кўриб чиқилган бўлса, эндиликда ахборотдан фойдаланувчининг сўрови рўйхатдан ўтказилган кундан эътиборан кўпи билан ўн беш кунлик муддатда кўриб чиқилиши, оммавий ахборот воситасининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир, шунингдек мансабдор шахсларнинг интервьюсини ташкил этиш тўғрисидаги сўрови кўпи билан етти кунлик муддатда кўриб чиқилиши ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди.
Қонуннинг яна бир муҳим жиҳати – давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳузурида аккредитация қилинган оммавий ахборот воситалари ходимларининг ҳуқуқлари мустаҳкамланганлигидир. Хусусан, бундай ҳуқуққа эга бўлган мухбирлар бўлажак мажлислар, кенгашлар ва бошқа тадбирлар ҳақидаги ахборотни олдиндан олиш, аккредитация қилувчи орган томонидан белгиланган тартибда аккредитация қилувчи органнинг бинолари (хоналари) ва бошқа объектларида бўлиш, ўзини аккредитация қилган органлар томонидан ўтказиладиган мажлислар, кенгашлар, брифинглар (матбуот конференциялари) ва бошқа тадбирларда иштирок этиш ҳуқуқига эга.
Шарҳлар