Бу йил Қашқадарёда аҳолини ичимлик суви билан таъминлашни яхшилашга 8 млрд 800 млн сўм ажратилди

Бу йил Қашқадарёда аҳолини ичимлик суви билан таъминлашни яхшилашга 8 млрд 800 млн сўм ажратилди

“Жорий йилги тегишли дастурга асосан аҳолининг ичимлик суви билан таъминланиш даражасини янада яхшилаш мақсадида 8 миллиард 800 миллион сўм ажратилган. Бу маблағ ҳисобига кўплаб, хусусан, 81,4 километр ичимлик суви тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари олиб борилмоқда”, – дейди Қашқадарё вилояти ҳудудий “Сувоқова” бошқармаси бошлиғи Хуршид Усмонов.
 
Вилоят ҳудудий “Сувоқова” бошқармасига қарашли ВУ-5 сув ишлаб чиқариш иншооти тизимида ҳам бир қатор ишлар бажарилди. Жумладан, ўн еттита техник ва электротехник жиҳоз ҳамда ускуналар мукаммал таъмирланди. 1,6 километр жойга диаметри 400 миллиметрли қувур ётқизилди. Яккабоғ туманида жойлашган “Алақарға” сув ишлаб чиқариш иншоотида бешта, Нишон туманидаги шундай объектнинг учта насоси ягиланди. 
 
Шунингдек, Нишон ва Миришкор туманларидаги Обод, Гулистон, Шодлик қишлоқларини сув билан таъминлашга хизмат қиладиган, яроқсиз ҳолга келиб қолган қувурлар алмаштирилди. Натижада ушбу ҳудудларда сув таъминоти билан боғлиқ муаммолар бартараф этилди. 
 
ЎзА берган маълумотга кўра, кейинги йилларда Қашқадарё вилоятида намунавий лойиҳалар асосида қурилган замонавий массивларга ўнлаб километр ичимлик суви қувурлари тортилган. Бир қанча сув миноралари барпо этилиб, сув иншоотларининг эскирган насослари алмаштирилган. Натижада Деҳқонобод, Ғузор, Касби, Косон, Миришкор, Муборак, Нишон, Чироқчи ва Қамаши туманларининг кўплаб қишлоқлари аҳолиси ҳамда ушбу ҳудудлардаги мактаблар, шифохоналар ва турли корхоналарни тоза ичимлик суви билан таъминлаш янада яхшиланди. 
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.