Меҳнат муҳожирлари интернет орқали рус тилидан имтиҳон топшириши мумкин
Келаси йилдан бошлаб РФга ташриф буюрадиган меҳнат муҳожирлари қонуний равишда ишга жойлашиш учун рус тили бўйича имтиҳонни масофадан туриб топшириши мумкин бўлади, дея маълум қилади “ИТАР-ТАСС”.
2015 йил 1 январгача имтиҳон топшириш кўнгилли ҳисобланади, 2015 йил 1 январдан бошлаб ушбу жараён мажбурий бўлади.
«Келаси йилдан бошлаб меҳнат муҳожирлари А.С.Пушкин номидаги Давлат рус тили институтининг хорижда рус тилини ўрганиш бўйича “Рус тилида таълим” интернет-порталида рус тилини масофадан туриб топширишлари мумкин. Шунингдек, 2015 йилда фуқароларнинг ушбу тоифалари учун махсус мослаштирилган соддалаштирилган курси ҳам очилади», – деди журналистларга РФ бош вазири ўринбосари Ольга Голодец ушбу институтнинг интернет-мактаби очилиши маросимида.
Шу билан бирга у рус тилини масофадан туриб ўрганиш мактаби яқин уч йил ичида 3 млн дан ортиқ тингловчини қамраб олишини ҳам маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, бу йил портал тингловчиларининг сони 100 минг кишини ташкил этади.
Бош вазир ўринбосарининг қайд этишича, портал, яъни ўзига хос интернет-мактабнинг очилиши анча жиддий қадам ҳисобланади.
1 сентябрдан бошлаб рус тилини ўрганиш бўйича “Рус тилида таълим” интернет-портали ишлай бошлади. Ушбу мактаб 2013 йили РФ ҳукумати ҳузуридаги рус тили бўйича кенгаш ташаббуси билан ишлаб чиқилган дастур доирасида яратилди.
Мазкур дастур дунёда рус тилини оммалаштириш, уни эгаллаш даражасини ошириш, рус тилида очиқ таълим олишни рақобатбардошли позиционерлаш ва глобал таълим ҳудудида рус тилини ўргатиш мақсадида амалга оширилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2014 йил апрелида РФ ҳукумати меҳнат муҳожирлари вақтинчалик яшаш ёки ишга жойлашиш бўйича мурожаат қилганида уларнинг рус тили, Россия тарихи ва РФ қонунчилиги асосларини билиш даражасини тасдиқлашга мажбур қилувчи қонунни имзолаган эди.
Шарҳлар