ОАВ: 2021 йилдан бошлаб қазиб чиқарилаётган газ Ўзбекистоннинг ўз эҳтиёжларини қондиришга етмайдиган бўлади
2021 йилдан бошлаб қазиб олинаётган газ Ўзбекистоннинг ўз эҳтиёжларини қондиришга етмайдиган бўлади, дея қайд этилади 30 август куни Россиянинг “Однако” ҳафтаномасида саҳифаларида чоп этилган “Ўзбекистон урани: АЭСни қуриш минтақадаги муаммоларнинг ечими сифатида” материалида.
Нашрдаги маълумотларга кўра, 1999 йилда Ўзбекистонда 8,1 млн тонна нефть ва конденсат қазиб чиқарилган. Кейинги йилларда эса суюқ углеводородларни қазиб чиқариш ҳажми камайиб борган ва 2013 йилда 2,9 млн тоннани ташкил этган. 2012 йилда эса Ўзбекистонда углеводородлар истеъмоли уни қазиб олиш ҳажмидан ортган.
Нашрда қайд этилишича, Ўзбекистон энергетикаси газга асосланган. Унда ИЭСдаги электр энергиясининг 91% ишлаб чиқарилади. Шунингдек газ саноат ва аҳоли томонидан ҳам истеъмол қилинади. Қазиб чиқарилаётган газнинг 20% га яқини экспорт қилинади (2013 йилда – 18,1%). Газ қазиб чиқариш ишларидаги энг юқори кўрсаткичга 2008 йилда эришилган эди – 62,2 млрд кубометр. 2011 йилдан буён уни қазиб олиш ҳажми сезиларли даражада туша бошлади. 2013 йилда 55,2 млрд кубометр газ қазиб чиқарилди (2012 йилда тушиш ҳажми 2,8%ни ташкил этди).
Сўнгги 11 йил ичида ўртача газ истеъмоли йилига 45,3 млрд кубометрни ташкил этган. Газ қазиб олиш ишларининг ҳажми шундай жадалликда пасайишда давом этса, 2020 йилга келиб Ўзбекистонда экспорт учун газ қолмайди, чунки қазиб олиш ҳажми унинг истеъмолига тенглашади. Ушбу мақола муаллифи Ўзбекистон конларида нефть ва газ қазиб чиқариш ҳолати билан яхши таниш. Газ қазиб чиқариш ҳажмининг йилига 2,8% га камайиши – бу оптимистик ҳолат деса ҳам бўлади, чунки у бирданига жуда пастга тушиб кетиши ҳам мумкин. Келинг, кейинги фикр-мулоҳазаларимизнинг асоси сифатида “2020 йил” рақамини оламиз.
2021 йилдан бошлаб қазиб чиқариладиган газ ҳажми Ўзбекистоннинг ўз эҳтиёжларини қондириш учун етмайдиган бўлади. Мамлакатда кўмир кам қазиб олинади, бунинг устига унинг сифати ҳам ёмон. Мавжуд гидроэнергетика захиралари электр энергиясини ишлаб чиқаришга жалб этиб бўлинган. Электр энергиясини қўшнилардан сотиб олишнинг иложи бўлмайди. Уларнинг ўзида танқислик мавжуд. Туркманистон ўз газини арзонга сотмайди. Ечим фақат битта – АЭС қурилиши, деб ҳисоблайди нашр.
Шарҳлар