Ўзбекистонлик аёл деярли бир йил давомида ўз оиласида қулликда бўлган

Ўзбекистонлик аёл деярли бир йил давомида ўз оиласида қулликда бўлган

Ўзбекистонлик аёл деярли бир йил давомида Исроилда ўз турмуш ўртоғининг оиласида қулликда бўлди. У билан юз берган мудҳиш воқеа аёл вақтидан олдин фарзанд кўрган Ришон ле-Циондаги касалхона ходимлари полицияга мурожаат қилганидан кейингина маълум бўлди, деб ёзади  “Izrus” нашри. Ушбу иш юзасидан жабрланувчининг қайнонаси ва қайнопаси ҳибсга олинган, унинг турмуш ўртоғи эса Ўзбекистонга қочиб кетишга муваффақ бўлган.

2013 йил охирида бу оила икки ёшли фарзанди билан Ўзбекистондан Исроилга боради, бу ерда эрнинг оиласи, яъни онаси ва опаси яшарди. Аёл ишга рухсатнома расмийлаштиради, янги мамлакатда ишлаб яхши ҳаёт кечираман деб ўйлайди, бироқ бунинг ўрнига ўз оиласида қулга айланади.

Қариндошлари уни фаррош бўлиб ишга жойлашишга мажбур қилади ва ишлаб топган пулининг ҳаммасини олиб қўяди. Оғир ишдан келганидан кейин аёл уйда қайнопасининг болаларига қараши, уй юмушларини ҳам бажариши керак эди. Турмуш ўртоғи хотинининг ҳар бир ҳаракатини назорат қилиб турарди ва ҳар қандай хатоси ёки камчилиги учун уни дўппосларди. Шунингдек, аёлни эрининг қариндошлари ҳам урган. Бундан ташқари жабрланувчини хўрлаб-камситишган. У сочини кесмаслиги ва бўямаслиги, фақат битта кўйлакда юриши ва уни ойда фақат бир марта ювиши керак бўлган. Ўзбекистондаги қариндошлари билан мулоқотни ҳам чеклашган.   

Аёл ҳомиладор бўлиб қолганида ҳам уни оғир ишлардан озод этишмаган ва қорни оғриётганига қарамасдан шифокорга мурожаат қилишига рухсат беришмаган. Ҳомиладор аёл оғриқдан ҳушини йўқотганидан кейингина қариндошлари тез ёрдамни чақирган. Касалхонада аёлнинг қорнида яллиғланиш бошлангани аниқланган ва болани муддатидан тўрт ой олдин онасининг қорнидан “кесарево” йўли билан олишган. Ҳозир чақалоқ вақтидан олдин туғилган болалар бўлимида, жабрланувчининг ўзи эса зўравонликни бошидан кечирган аёллар учун мўлжалланган бошпанада яшамоқда.

Аёл ижтимоий соҳа ходимларига ва терговчиларга ўзи билан нималар рўй берганини айтиб берган. Нашрда ёзилишича, ушбу мудҳиш воқеа уларнинг кўзидан ёш чиқишигача олиб келган. Ҳозир жабрланувчининг 54 ёшли қайнонаси ва 27 ёшли қайнопасига айблов қўйилган. Мазкур ишнинг асосий “қаҳрамони” эса Ўзбекистонга қочиб кетган, ҳозир у қидирувда.
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.