Болаларни боғчага қабул қилиш тартибига ўзгаришлар киритилди
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирининг буйруғи билан давлат мактабгача таълим муассасаларига болаларни қабул қилиш бўйича қабул комиссиясининг фаолият кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киртилди.
Унга кўра, мактабгача таълим муассасасига болалар 2 ёшдан бошлаб 6-7 ёшгача бўлган болаларни қабул қилиш туманлар (шаҳарлар) ҳокимларининг қарори билан ташкил этиладиган халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман (шаҳар) бўлимлари ҳузуридаги давлат мактабгача таълим муассасаларига болаларни қабул қилиш бўйича қабул комиссияси томонидан амалга оширилади.
Давлат мактабгача таълим муассасасига йўлланма олиш учун тақдим этилган ҳужжатларни ушбу қабул комиссияси кўриб чиқади ва 7 кун (бундан олдин 10 кун) ичида тегишли қарорни қабул қилади.
Ота-оналар (уларнинг ўрнини босувчи шахслар) танлаган мактабгача таълим муассасасида бўш ўрин (жой) бўлмаган ҳолларда уларнинг ҳужжатлари қабул комиссиясининг қарорига асосан йўлланма олиш учун навбатга қўйилади ёки ота-оналарнинг (уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг) хоҳишига кўра тегишли ҳудуддаги бўш ўрин (жой) мавжуд бўлган ҳамда улар танлаган мактабгача таълим муассасасига яқин масофада жойлашган бошқа мактабгача таълим муассасасига йўлланма берилади.
Ҳар йили июнь-август ойларида янги ўқув йили ҳисобига мактабгача таълим муассасаларига жадвал асосида оммавий равишда йўлланма берилади. Мактабгача таълим муассасалари болаларни йўлланмаларга асосан бўшаган ўринлар (жойлар) ҳисобига қабул қилади.
Эслатиб ўтамиз, қабул комиссияси болаларни мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш масаласи бўйича фуқароларни ҳафтасига икки марта – сешанба ва жума кунлари қабул қилади.
Фотосурат: www.uz.all.biz
Шарҳлар