Жума намози пайтида автомобилларнинг пала-партиш қўйилиши тарбиясизлик белгисими?

Жума намози пайтида автомобилларнинг пала-партиш қўйилиши тарбиясизлик белгисими?

Масжид, черков, синагога ёки будда ибодатхонасига бориш ҳар кимнинг ўз шахсий иши. Бундай масканлар дунё ташвишларидан чекиниб, инсонларнинг қалбига хотиржамлик бағишловчи абадият ҳақида мулоҳаза юритиш жойи ҳисобланади. Афсуски, жума намозига шошаётган айрим мусулмонларнинг хатти-ҳаракати атрофдагиларда ўзгача ҳиссиётларни туғдирмоқда.  

Жума кунлари масжидлар ёнида жойлашган уйлар ёнида, масжидга олиб борувчи кичкина кўчаларда ҳаддан ташқари кўп сонли автотранспорт воситаларининг тўпланиб қолишини кузатиш мумкин. Автомобиллар шундай қўйилганки, аниқроғи пала-партиш ташлаб қўйилганки, ҳовлилар, кичкина кўчалардан чиқишда реал тўсиқларни юзага келтирмоқда.

Инсон диний амални бажаришга отланар экан, бошқа фуқароларга на маънавий, на жисмоний, на техник ва на транспорт тўсиқларини яратмаслиги керак. Дин эркинлиги ва диний амалларни бажариш одоби ана шундай талқин қилинади.

Ҳар қандай дин, шу жумладан Ислом ҳам эзгулик, андишалилик, сабр-тоқат ва одоб-ахлоққа ўргатади. Шу ўринда автомобилини бир чеккага, ҳеч кимга халақит бермайдиган қилиб қўйиш ўрнига, уни дуч келган жойга ташлаб кетаётган, ҳа, айнан ташлаб кетаётганларга нисбатан савол туғилади: ўз биродарларингизга нисбатан ҳурмат, одоб қаерда қолди?

Тез ёрдам машинасининг ўтиши талаб этиладиган вазият исталган пайтда юзага келиши мумкин. У, албатта, бундай пала-партиш парковкани айланиб ўтишига тўғри келади, бу эса қимматли вақт йўқолди дегани.   

Айрим масжидларнинг ёнида давлат автомобиль инспекцияси, ИИВ ходимлари навбатчилик қилади, бундай жойларда тартибни сақлашнинг иложи бор. Маҳаллалардаги масжидлар ёнида вазиятни эса ҳеч ким тартибга солмайди.

Баъзи диндорларнинг “Кутиб туришади. Одам намозини ўқиб олсин, кейин чиқади. Чидаб туриш қийинми?”, деган гап-сўзлари кишини ҳайрон қолдиради. Ёки “Ҳозир намоз вақти, машинада у ёқдан бу ёққа юриш ўрнига ибодатини қилсин. Ярим соат ичида ҳеч нима бўлмайди!” ёки “Мен жума намозини ўқияпман, менга ҳеч ким ҳалақит бермаслиги керак, мен 30 дақиқани Оллоҳга бағишлашим зарур. Масжид ташқарисидаги воқеалар, одамлар машинани олишимни кутиб турадими-йўқми – бу уларнинг муаммоси. Улар ўз фарзини бажармаяпти, гуноҳ уларда, менда эмас” деган баҳонаси кишини ваҳимага солади.

Қонунларга амал қилиш, қонунга итоат этиш – ҳақиқий мусулмонга хос бўлган маънавий фазилатлардан биридир. Инсон диний қонунларни бузмасликка интилар экан, нега энди умумий дунёвий қонунларни бузиш мумкин, деб ҳисоблайди?

Албатта, бу эътиқоднинг моҳиятини тушунмайдиган кишиларнинг фикри, улар жума намозини ўқиш амали исломнинг бошқа қоидалари билан солиштиришни билмайди.

Мусулмонлар намозни бошқаларнинг ҳаракатларини сиқиб қўймайдиган тарзда ўқиши, масжидни тарк этаётган пайтда шошиб турган бўлса ҳам ҳеч кимга халал бермаслиги лозим. Яъни мусулмонларнинг намоз пайтидаги жойлашиш тартибининг ўзи ҳақиқий мусулмон бошқа кишиларнинг ҳаракатларига халал бермасдан ибодат қилишини кўзда тутади. Масжид ташқарисида ҳам одамларга бўлган муносабат худди шундай бўлиши зарур, деб ўйлайман.  
  
Мусулмонлар бошқармаси, намозхонларнинг ўзлари ҳам кундан-кунга кўпайиб бораётган автомобиллар туфайли юзага келаётган бундай муаммолар ва камчиликларни бартараф этиш бўйича зарур чораларни топади, деб умид қиламиз.  

Мансур Ибрагимов,
Anhor.uz учун махсус. 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.