Ахатнинг олтини
Петербургда Ўзбекистон фуқароси олтинга ўхшаш қуйма топиб олди.
Россиянинг шимолий пойтахти полицияси ўзбекистонлик 20 ёшли меҳнат муҳожири ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширган қуйма сариқ металлни ўрганмоқда, деб ёзади ntv.ru.
Ахат Абдурахимов НТВ каналига қуймани Ржевка темир йўл станцияси ҳудудидаги чиқинди уюмидан топиб олганини айтади.
Ўша куни коммунал хизмат ишчилари Камишинск кўчаси – 20 манзили бўйича ер участкасини янги уй қурилишига тайёрлаётган эди. Улар ер тагидан эски трубаларни чиқариб олиш билан машғул бўлган. Ахатни эса 10 кунлик синов муддати билан объектга ишчи сифатида олишган.
Йигит металлолом излаётган пайтда чиқиндилар уюми орасидан сариқ рангли оғир қуймани топиб олган. Кейин полицияни чақириб, қуймани тилхат асосида топширган.
Энди Ахат топилган қуйма олтинми ёки олтин эмаслигига қизиқмоқда.
«Фонтанка.ру» порталининг маълумотларига кўра, агар қуйма ҳақиқатан ҳам қимматбаҳо металл бўлса, унда унинг қиймати 1 млн еврога яқин бўлиши мумкин. Ахат шу пулнинг ярмига умид қилмоқда – нима бўлганда ҳам РФ Фуқаролик кодексининг 233-“Хазина” моддасида айнан шундай миқдор кўрсатилган.
Тафсилотлар 18 сентябрь куни соат 14:30 да “Сегодня в Санкт-Петербурге” дастури орқали НТВ мухбири Мария Сапожникованинг репортажида намойиш этилади.
Шарҳлар