Келаётганлардан кўра кетаётганлар кўп, бироқ аҳоли сони ҳам ошмоқда
Дастлабки маълумотларга кўра, 2014 йил январь-июнь ойларида республика бўйича мамлакатга келган фуқаролар сони 73,1 минг кишини, кетганлар сони эса 87,8 минг кишини ташкил этди. Шунга мос равишда муҳожирлик сальдоси минус 14,7 минг кишини (2013 йилда минус 14,1 минг киши) ташкил этди, дея хабар беради Давлат статистика қўмитаси.
Жорий йилнинг январь-июнь ойларида туғилганлар сони 296,98 минг кишини ташкил этиб, ўтган йилнинг тегишли даври (272,8 минг киши) билан солиштирганда 24,0 минг кишига кўпайган. Шунга мос равишда туғилиш коэффициенти 19,6 промиллени (2013 йилнинг шу даврида 18,3 промилле) ташкил этди.
Шу йилнинг дастлабки олти ойи давомида вафот этганлар сони 72,0 мнг кишини ташкил этиб, бу ўтган йилги кўрсаткичга (70,0 минг киши) қараганда 2,0 минг кишига кўп.
2014 йил 1 июль ҳолатига кўра, республиканинг доимий аҳолиси сони 30702,8 минг кишини ташкил этган. Демак, жорий йил бошидан буён 210,0 минг кишига ёки 0,7 фоизга кўпайган. Бунда шаҳар аҳолисининг сони 15633,8 минг кишини (аҳоли умумий сонининг 50,9 фоизи), қишлоқ аҳолиси эса 15069,0 минг кишини (49,1 фоиз) ташкил этди.
Шарҳлар