БМТ: Ўзбекистонда 1,7 млн киши тўйиб овқат емасликдан азият чекмоқда
Айни пайтда Ўзбекистонда 1,7 млн киши тўйиб овқат емасликдан азият чекмоқда, дейилади БМТ озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик ташкилоти (ФАО)нинг дунёдаги озиқ-овқат хавфсизлиги тўғрисидаги маърузасида.
Маърузадаги маълумотларга кўра, охирги 14 йил ичида Ўзбекистонда тўйиб овқат емасликдан азият чекаётган кишилар сони 3,6 млн дан 1,7 млн гача қисқарган.
«Охирги йигирма йил ичида бу борада эришилган ривожланишга ва тобора кенгайиб бораётган қулай шароитларга қарамасдан, қишлоқ хўжалигининг тўлиқ салоҳияти ва озиқ-овқат хавфсизлиги ҳозирча ҳамма учун эришилмаган», — деди ФАОнинг Ўзбекистондаги вакили Юрико Шоджи журналистларга маърузанинг тақдимотида.
Бундан олдин Ўзбекистон ҳукумати республикада ғалла ва энг зарур озиқ-овқатлар (гўшт, ўсимлик ёғи, шакар ва гуруч) захираси шакллантирилгани ҳақида билдирганди, деб ёзади “Новый век” нашри.
Қайд этиб ўтамиз, шу йилнинг июнь ойида ФАО Ўзбекистонда ўз ваколатхонасини очган эди. ФАО ва Ўзбекистоннинг истиқболли ҳамкорлик йўналишлари орасида томонлар аҳолининг озиқланиш сифатини ва турмуш даражасини оширишга кўмаклашиш, аграр соҳадаги қонунчиликни ривожлантириш бўйича экспертиза ўтказиш, статистика тизимини яратиш, илғор қишлоқ хўжалик андозаларини жорий этишни кўрсатмоқда.
Шарҳлар