ХМТ экспертлари Ўзбекистонда болалар меҳнатини мониторинг қилмоқда
Шу йил 18 сентябрдан 25 октябрга қадар Ўзбекистонда Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ)нинг экспертлари иштирокида республиканинг барча ҳудудларида болалар меҳнати масалалари бўйича миллий мониторинг ўтказилади. Бу ҳақда Касаба уюшмалари федерацияси кенгашининг матбуот хизмати хабар беради, деб ёзади “UzDaily” нашри.
Мониторингдан мақсад ХМТнинг болалар меҳнатига доир конвенциялари ва меъёрий ҳужжатлари, мамлакат ҳукуматининг миллий қонунчилик доирасида қабул қилган қарорларини ҳамда умумтаълим мактаблари, академик лицейлар ва коллежлар ўқувчиларининг таълим муассасаларига қатнаш ҳолатини ўрганишдан иборат.
Мониторингга тайёргарлик жараёнида Ўзбекистон Республикасида Болалар меҳнати масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан 8 та ҳудудий гуруҳ такшил этилиб, уларнинг таркибига Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Касаба уюшмалари федерацияси ва ҳудудий ННТ вакиллари кирган. Мониторингда ушбу тадбирга техник кўмак кўрсатаётган ХМТ экспертлари ҳам фаол қатнашмоқда.
18-20 сентябрь кунлари ХМТ экспертлари Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятларида бўлди.
Хусусан, 18 сентябрь куни ХМТ экспертлари Тошкент вилоятининг Чиноз тумани ва Сирдарё вилоятининг Сирдарё туманидаги 4 та фермер хўжалигида ва 3 та коллежда бўлди. Натижада, экспертлар томонидан теримчиларнинг пахта йиғим-теримида кўнгилли равишда қатнашиши, уларнинг сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланаётгани, терилган пахта ҳақи ҳар 5 кунда берилаётгани, иш вақти меъёрларига амал қилинаётгани, 18 ёшга тўлмаган болаларнинг пахта йиғим-теримига жалб этилмагани аниқланди.
Ҳудудларда ХМТ экспертлари иштирокида миллий мониторинг давом этмоқда. Текширув якунлари бўйича натижалар умумлаштирилади ва тегишли ташкилотлар ва маҳаллий ҳокимият органлари учун тавсиялар ишлаб чиқилади.
Шарҳлар