Октябрь ойида ўзбекистонлик болалар ва ўсмирлар орасида ижтимоий сўров ўтказилади
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда болалар ва ўсмирларнинг саломатлиги ва ривожланишига таъсир кўрсатувчи омиллар бўйича ижтимоий тадқиқот олиб бормоқда.
ЮНИСЕФ томонидан ўтказилган тендер асосида бу борадаги фаолият “ИТА Факт” Ижтимоий тадқиқотлар агентлигига топширилди, деб ёзади “Жаҳон” АА.
Хусусан, шу йилнинг май-август ойларида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда “ИТА Факт” агентлиги Халқ таълими вазирлиги ва Ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими маркази билан ҳамкорликда Қорақалпоғистон Республикаси, Сирдарё, Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида тадқиқот ишлари ўтказилди.
Кейинги босқич жорий йилнинг 1 октябрида бошланади.
Олинган натижалар болалар ва ўсмирлар орасида соғлом ҳаёт тарзи, тиббий маданият ва спортни тарғиб қилиш ҳамда оммалаштириш бўйича комплекс тавсияларни ишлаб чиқишда муҳим аҳамиятга эга бўлади.
Шарҳлар