Изҳор
Сўнгги пайтларда «selfmademan», яъни “ўзини-ўзи “яратган” одам” тушунчаси оммабоп бўлмоқда. Бошқача қилиб айтганда, инсон ҳаётида нимага эришган бўлса, бу гўёки унинг шахсий хизмати. Ушбу тавсифга ҳурмат бажо келтирган ҳолда, унга фақат қисман қўшилиш мумкин, деб ўйлайман.
Наҳотки одам ўз-ўзидан чангалзорда ёки узоқ бир ўрмон ёки саҳрода пайдо бўлиб қолиб, ўқиш-ёзишни, ҳисоблаш ва бошқа одамлар орасида ўзини тутишни ўрганган бўлса?
Албатта, йўқ. Онанинг меҳрга тўла қалби, отанинг ишончли қўллари уни оёққа турғазади, инсоний қадриятларга ўргатади…
Олижаноб ва ғамхўр устозлар унинг фанларга бўлган қизиқишига йўл очади, энг асосийси эса ўқишни, ўқиганларини тушунишни ўргатади. Таниқли немис педагоги Адольф Дистервег айтганидай, “Ёмон устоз ҳақиқатни баён этади, яхшиси эса уни топишни ўргатади”.
Ҳақиқий ўқитувчи – бу ҳар доим устоз, у нафақат билим беради, балки қадриятларга ҳам ўргатади, тўғри йўлга бошлайди. “Мактаб ўқитувчилари бош вазирлар фақат орзу қилиши мумкин бўлган ҳокимиятга эга”, – дерди Уинстон Черчилль. У эса ҳокимият ҳақида анча-мунча нарсани билган.
Баъзида ҳаёт бизга ғаройиб инсонлар билан ажойиб учрашувларни тақдим этади. Улар ўзлари билмаган ҳолда бирор ҳатти-ҳаракати ёки айтган бир оғиз сўзи билан инсоннинг тақдирини яхши томонга буриб юборади. У эса ушбу учрашув ҳақидаги хотирани сақлаган ҳолда яшашда давом этаверади.
Шубҳасиз, бошқа тенг шароитларда, ўзи таълим олишга ва янги нарсаларни ўрганишга интилган кишиларгина кўп нарсаларга эришади. У ўзини фақат “Шундай инсон бўлиб етишишимга ёрдам берган ота-онамга, ўқитувчиларимга ва устозларимга раҳмат” деган сўзлар билангина “selfmademan” дейиши мумкин.
Бугун устоз ва мураббийларимизни байрам билан самимий муборакбод этамиз ва уларга саломатлик ҳамда узоқ умр тилаб қоламиз!
Лола Исламова,
Anhor.uz нашрининг бош муҳаррири
Шарҳлар