Ўзбекистонлик аёл пенсионерларни алдагани учун икки йилга озодликдан маҳрум этилди
Россиянинг Брянск шаҳрида алдов йўли билан кексаларнинг мулкини ўзлаштириб олган ўзбекистонлик аёлга ҳукм ўқилди, дея хабар беради РФ ИИВнинг Брянск вилояти бўйича матбуот хизмати.
Жиноятчи аёл жами 120 000 рублни ўзлаштириб олган.
Маълум бўлишича, барча ҳолатларда аёл битта криминал схемадан фойдаланган. У хонадонга кириб олганидан сўнг Ғалаба куни арафасида давлат томонидан ўтказилаётган махсус акция ҳақида гапириб берган ва “барча дардлардан халос этувчи мўъжизакор тиббий аппаратни” катта чегирма билан сотиб олишни таклиф қилган.
Аёл нархни пенсионернинг тўлов қобилиятига қараб 7000, 12000, 25000 рублда белгилаган. Хонадонлардан бирида эса фирибгар уй эгаси бошқа хонага чиққанидан фойдаланиб, унинг деярли 75000 рублини олиб қўйган. Кетаётган пайтда эса аёл товар тўлангани ҳақидаги қалбаки бланкни ташлаб кетган.
Жабрланганлардан бири қизнинг белгиларини яхши эслаб қолган ва полиция ходимларига унинг портретини тузишда ёрдам берган.
Тезкор-қидирув тадбирлари жараёнида гумондор аёл Орёлда қўлга олинди. У Брянск вилояти ҳудудида содир этилган жиноятларни тан олди ва пенсионерлардан олган барча пулларни қайтарди.
Шунингдек, тергов давомида қўлга олинган аёлнинг Смоленск ва Мордовия Республикасида содир этилган шундай жиноятларга алоқадорлиги ҳам аниқланди.
Шарҳлар