Фуқароларга ҳурмат, шаффофлик ва очиқлик тўғрисида
Амалдорларнинг оғзидан пойтахт фуқароларига нисбатан ҳурмат ҳамда уларнинг фаровонлиги ва хотиржамлиги борасида ғамхўрлик ҳақида тез-тез эшитамиз. Бироқ шаҳар ҳокимияти, ундаги бошқармаларнинг реал хатти-ҳаракати бу гапларнинг самимийлиги борасида шубҳа туғдирмоқда.
1 сентябрь куни Тошкентда лифт носозлиги туфайли бола ҳалок бўлди. Бир неча кундан сўнг Anhor.uz таҳририяти ишламаётган ёки ишлаши аҳоли техник регламент талабларига тўғри келмайдиган лифтлар ҳақида маълумотлар йиғиш акциясини бошлади. Тошкентликлар ушбу акцияда фаол қатнашиши натижасида, икки кун ичида бир нечта ўнлаб манзил тўпланди.
Айтиш жоизки, техник фойдаланишнинг оддий меъёрларига жавоб бермайдиган носоз лифтларнинг жойлашув географияси Тошкентнинг барча туманларини қамраб олди. 19 сентябрь куни тегишли туманлар ҳокимиятларига муайян манзиллар бўйича жойлашган лифтларнинг ишидаги носозликларни бартараф этиш бўйича ҳокимликлар томонидан кўрилаётган конкрет чоралар ҳақида маълум қилиш илтимоси билан электрон хатлар жўнатилди. Хатларнинг нусхаси Тошкент шаҳар ҳокимлигига ҳам юборилди.
Бизга ўсмир боланинг фожиали ўлими ҳокимликлар ва лифтларга қаровчи ташкилотларнинг ишини фаоллаштириш учун жиддий асосдай кўринганди. Бироқ туман ҳокимликларидан жавоб олиш учун бир ҳафта керак бўлди. Қизиғи шундаки, уларнинг ҳаммаси бир хил мазмунда бўлиб, уларда хатимиз инобатга олингани ҳақида сўз борарди.
Миробод, Сирғали, Учтепа ва Яккасарой туман ҳокимликлари эса ҳатто шундай хабарларни ҳам юборишни ўзига эп кўрмади.
Ҳолбуки, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун кучга кирганидан сўнг ҳокимликлар ўзлари хизмат кўрсатиши керак бўлган фуқароларнинг илтимосларига қулоқ тутиши керак эди. Амалда бундай бўлиб чиқмади, Anhor.uz таҳририяти ҳамон ўз сўровига расмий жавоб олгани йўқ. Қонун бўйича эса ОАВнинг сўровига жавоб бериш муддати беш кун қилиб белгиланган.
Тошкент шаҳар ҳокимиятининг Ободонлаштириш бош бошқармаси ҳам ОАВ хатлари ва мурожаатларига лоқайд қараши билан ўзини яхшигина кўрсатди. 2 июнь куни Anhor.uz таҳририяти ушбу бошқармага Тошкентнинг иккинчи даражали йўллари ва мавзелар ичидаги йўлларни таъмирлаш бўйича режа-жадвални тақдим этиш илтимоси битилган расмий хат билан мурожаат қилганди. Бу йўлларда ҳар куни солиқ тўловчилар, ўша турли даражадаги амалдорлар байрам кунлари ҳурмат бажо келтирадиган фуқаролар ёмғир ва лойгарчилик пайтида юради.
Пойтахтнинг Ободонлаштириш бўйича бош бошқармасининг умумий бўлимида анча вақт курьеримиздан хатни қабул қилмай туришди, ниҳоят, бошлиқлардан кимдир пастга тушганидан сўнг “Сизларнинг хатларингни кўриб чиқишдан бошқа ишимиз йўқми!” деган сўзлар билан хатни қабул қилишга рухсат берди (!).
Мана, 4 ой ўтди ҳамки, жавоб йўқ. Биз бунга вақт етишмаслиги эмас, балки мамлакат қонунлари ва уларнинг фуқароларига нисбатан ҳурматнинг йўқлиги сабабчи деб ўйлаймиз.
Фуқароларнинг маълумот олишга бўлган ҳуқуқини таъминлаш давлат органлари ва аҳоли ўртасидаги ҳамкорликни ўрнатиш жараёнининг таркибий қисмларидан бири ҳисобланади.
Қонун давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига ахборот хизматларини ташкил этиш мажбуриятини юклаган. Ушбу хизматларнинг фаолияти аҳолига айнан маълумот беришдан ва ҳокимият ва фуқаролар ўртасида ишонч ва ҳамкорлик муҳитини яратишдан иборатдир.
Бу йил шаҳарликлар учун кўчалар ва йўлларнинг тўсатдан ёпилиши кўп ҳолларда кутилмаган ҳолатга айланди. Тўғри, шаҳар ўсмоқда, ривожланмоқда – тошкентликлар бу билан ғурурланади, аммо ахборот хизматларининг пассивлиги нохуш ҳолатдир.
Ҳокимият, худди фавқулодда вазиятлар вазирлиги каби, мобил телефонларга қайси кўчалар ва қандай муддатга ёпилиши, қайси йўллар билан айланиб ўтиш мумкинлиги ҳақида хабар юбориши мумкин эди. Айтгандай, Anhor.uz таҳририяти томонидан ўтказилган сўровнома натижалари ҳам 100 та иштирокчидан 94 таси ҳокимият шундай хабар юборишини хоҳлашини кўрсатди. Агар шаҳар ҳокимлиги бундай хабарномаларни ўзининг расмий сайтида жойлаштирса, ундан ҳам яхши бўларди. Аслида ҳам бу ҳокимлик ахборот хизматининг бевосита вазифаси ҳисобланади.
Тошкент кундан-кунга чирой очиб бормоқда, шаҳарда ободонлаштириш бўйича катта ишлар қилинаётир, шундай экан одамлар бу ҳақда билиш ҳуқуқига эга. Афсуски, қонунга “чап берувчи” ва шаҳарликлар учун қулайлик шарт эмас деб ҳисобловчи амалдорлар эса шаҳар ҳокимияти ва бошқаруви органларининг обрўсига путур етказмоқда.
Шарҳлар