Тошкентда электр энергияси учун тўлов интизомини яхшилайдиган янги ахборот тизими жорий этилмоқда

Тошкентда электр энергияси учун тўлов интизомини яхшилайдиган янги ахборот тизими жорий этилмоқда

Тошкентнинг Бектемир туманида электр энергияси учун тўлов интизомини яхшилашга ёрдам берадиган янги ахборот тизими жорий этилди.

Ҳозир ушбу тизимга мувофиқ аҳоли электр энергияси ҳақини олдиндан тўлаш шаклида амалга оширмоқда. Фойдаланувчиларни марказлаштирилган энергия тармоғига улаш ёки ундан ўчириш эса тўлиқ автоматлаштирилган, дея хабар беради ЎзА.

“Ўзбекэнерго” ДАК томонидан жорий этилаётган “Электрни ҳисобга олиш” дастурий комплексида электр энергияси истеъмолини батафсил ва ошкора ҳисобга олишни таъминлаш, энергия сарфи ҳақида ишончли ахборот тўплаш жараёни самарадорлигини ошириш кўзда тутилган.

Электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилиш бўйича автоматлаштирилган тизимнинг “Электрни ҳисобга олиш” дастурий комплексига интеграциялаштирилиши натижасида ушбу жараёнга жиддий ўзгартишлар киритилди.

Мисол учун, илгари ушбу тизимларнинг ўзаро боғлиқ ҳолда ишлаши учун оператор талаб этилган бўлса, энди бу жараён тўлиқ автоматлаштирилган. Ёки истеъмолчи кўрсатилган хизмат учун тўловни ўз вақтида тўлашга улгурмаганда, бу “Электрни ҳисобга олиш” дастурий комплекси базасида кўринар ва энергия таъминоти компанияси ходими электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилиш бўйича автоматлаштирилган тизимга истеъмолчини тармоқдан ўчириш ҳақида сигнал берар эди. Мазкур жараёнда кўпинча инсон омилининг иштироки туфайли хатога йўл қўйилар ва истеъмолчи энергия ҳақини тўласа-да, операторнинг тармоққа улаш ҳақида сигнал беришини кутишига тўғри келарди. 

Ҳар икки тизим фаолиятининг автоматлаштирилиши улар самарадорлигини оширишга ёрдам берди. Истеъмолчиларни тармоқдан ўчириб қўйиш ва унга улаш билан боғлиқ барча жараёнлар тўлиқ автоматлаштирилди, электр энергияси учун ҳақ тўлаш тўғрисида хабардор қилиш бўйича янги тизим ишлаб чиқилди. Мазкур дастур фойдаланилган электр энергияси сарфини ҳисоб-китоб қилиб, тўлов ҳақидаги СМС-хабарни уч кун аввал жўнатади. 

“Хонадонимизда электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилиш бўйича автоматлаштирилган тизимда ишлайдиган ҳисоблагич прибори ўрнатилганига бир йилдан ошди, Энди электр энергияси ҳақини тўлаш тўғрисидаги хабар уяли телефонимга келади ва тўловни ўз вақтида тўлайман”, – дейди Бектемир туманида яшовчи М.Олимова.

Бу тизим айни пайтда Бектемир туманида ишга туширилди. Жорий йил охирига қадар “Ўзбекэнерго” давлат акциядорлик компанияси уни пойтахтнинг барча туманларида жорий этишни режалаштирган. 
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.