Энди йўловчиларни уриш ҳам мумкинми?
Пойтахт жамоат транспортидаги муаммолар ҳеч камаймайдиган кўринади. Бир қарасанг, имконияти чекланган одамлар учун шароитлар йўқ, бир қарасанг, ҳайдовчилар ва кондукторларнинг ўзини тутишини кўриб ёқангни ушлайсан киши. Эълон қилинган ҳаракат жадвалларини деярли йўқ деса ҳам бўлади. Улар бор жойда эса, жуда камдан-кам ҳолатларда бажарилади. Соат 19-19.30 дан кейин йўналишда ҳаракатланувчи транспорт воситаларининг сони кескин тушиб кетиши одатий ҳолатга айланган.
Ҳозирча ҳеч қандай кузатув тизимлари йўналишлардаги автобуслар билан боғлиқ вазиятни яхши томонга ўзгартиргани йўқ.
Ўзаро бозор муносабатларида ҳар қандай йўл билан пул ишлашга интилиш, фақат кўриладиган фойдадан манфаатдорлик шунга олиб келдики, олдинига йўналишдаги автобуслар зич тўлмагунча узоқ вақт кутиб туради, кейин эса йўналишда хавфли пойга ўйнашга тушишади. Йўловчиларга хизмат кўрсатиш маданияти эса бундан ҳам баттар. Ҳайдовчилар автобус ҳайдаётиб, бемалол чекиб кетишади, ҳатто охирги бекатларда ҳам салондан чиқмай чекишади.
Бироқ бугун “Портебитель.уз” сайтида чоп этилган янгилик кишининг нафақат ғазабини чиқариши, балки уни шокка тушириб қўйиши ҳам ҳеч гапмас. Унда йўловчи қиз кондукторнинг жуда хунук ҳаракатидан шикоят қилган. Кондуктор, яъни ўзини тута олмайдиган йигитча, йўналиш жадвалига аниқлик киритиш тўғрисидаги қизнинг илтимосига жавоб бериш ёки, ҳеч бўлмаганда, хушмуомалалик билан рад жавобини бериш ўрнига уни бўралаб сўка бошлаган. Қиз уни тартибга чақирмоқчи бўлганида эса, кондуктор қизнинг юзига тарсаки туширган.
Автобусда кетаётган йўловчилар хуши жойида бўлмаган кондуктор билан гап талашмасликка қарор қилган, ҳайдовчи эса қизга “Уни кечиринг, ёш-да!!!” деб қўйган. Воқеа айбдори эса ўзини фотосуратга туширишаётганини кўриб, яқин-атрофдаги бекатда тушиб қолган.
Агар жабрланган қиз бу нохуш воқеани унутишга қарор қилмаса, унда биз юз берган воқеа қандай якун топишини кузатиб борамиз.
Шарҳлар