Фойдаланилмаган иссиқлик учун пул тўлашга тўғри келадими?
Урганч шаҳар, Гурлан кўчаси, 17-уйда яшовчи Бахтиёр Бобожонов ўзига қарашли бир хонали хонадонни 2008 йилнинг 8 июнь куни иситиш тизимидан уздирган эди. Бу ҳақда далолатнома тузилиб, “Сарварбек-Дилноза сервис” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раиси Д. Машарипов томонидан имзоланганди.
Лекин яқинда Б. Бобожонов “Хоразм иссиқлик манбаи” ОАЖ Урганч шаҳар бўлимидан хат олди. Хатда у иситиш тизими ва иссиқ сув бўйича 643929, 23 сўм қарздор эканлиги айтилади.
Бу хатни кўриб Б. Бобожонов хайрон қолади. Салкам олти йилдан буён “Хоразм иссиқлик манбаи” ОАЖ Урганч шаҳар бўлими хизматидан фойдаланмаётган бўлса, қанақасига қарз бўлиши мумкин? Бундан ташқари, шунча қарзи бўлса, нега шу пайтдан, яъни олти йилдан буён индамасдан келишди?
У хатни кўтариб, “Хоразм иссиқлик манбаи” ОАЖ Урганч шаҳар бўлимига йўл олди. Масъуллар билан учрашиб, 2008 йилда хонадонини иссиқ сув тизимидан уздирганини, бу ҳақда далолатнома тузилиб, “Сарварбек-Дилноза сервис” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раиси Д. Машарипов томонидан имзоланганини айтди. Ушбу далолатноманинг ўзидаги нусхасини кўрсатди.
“Биз бундан мутлақо бехабармиз. Далолатнома нусхасини олиб келиб беришингиз керак эди. Шу боис қарзингизни тўлашга мажбурсиз”, – дейишди иссиқлик манбаи идораси ходимлари.
Б. Бобожонов иши битмагач, бузилган ҳуқуқини тиклаб беришини сўраб, Урганч шаҳар прокуратурасига мурожаат қилишга мажбур бўлди. Шаҳар прокуратураси эса ушбу мурожаатни ўрганиш учун уни Урганч шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига юборди.
Жамият бу хатни шу йилнинг 13 май куни “Хоразм иссиқлик манбаи” ОАЖ Урганч шаҳар бўлими бошлиғига жўнатади. Лекин ундан қуйидаги мазмунда хат келади. Истеъмолчи бизга Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуни асосида ёзма ариза билан мурожаат қилмаганлиги сабабли иссиқлик энергия таъминоти учун ҳисобланган тўловлар қайта ҳисоб-китоб қилинмайди.
Ўрганиб чиқилганда, истеъмолчи ҳақиқатан ҳам олти йилдан буён “Хоразм иссиқлик манбаи” ОАЖ Урганч шаҳар бўлими хизматидан фойдаланмаётгани маълум бўлди. Лекин у уй-жой мулкдорлари ширкати раисига ишониб далолатномани иссиқлиқ манбаи идорасига олиб бориб бермаган.
Истеъмолчи “Хоразм иссиқлик манбаи” ОАЖ Урганч шаҳар бўлими хизматидан фойдаланмаётгани ҳақиқат. Бу ҳақда ўз вақтида далолатнома тузилган. Шу сабабдан юқоридаги муаммоли ҳолатга қонун доирасида баҳо беришни сўраб, тўпланган маълумотлар Урганч шаҳар прокуратурасига юборилган. “Ўйлаймизки, прокуратура ходимлари масалага, албатта, ойдинлик киритишади”, дея қайд этади Ўзбекистон Истеъмолчиларининг ахборот ресурси.
Шарҳлар