Иситиш тизими умуман тайёр эмас, электр энергияси суткалаб берилмаяпти
Самарқанд вилоят прокурорининг ўринбосари Облоқул Азимов “Ҳуқуқ” газетасига берган интервьюсида маҳаллий муассасаларнинг иситиш мавсумига тайёр эмаслигини билдирди.
Куз-қиш мавсуми учун вилоятда бор-йўғи 34166 тонна кўмир (режанинг 20,2%), 4737 тонна суюлтирилган газ (режанинг 49%) ғамлаб қўйилган. Болалар боғчалари ва мактаблар кўмир билан тўлиқ таъминланмаган.
2014 йилда “иссиқлик манбаи” муассасасига маҳаллий бюджетдан 453 млн сўм маблағ ўтказилган, бироқ шаҳардаги 29 та қозонхона нормативлар талабларига мувофиқ таъмирланмаган. Трубалар ёрилиши туфайли иситиш тизими мавсумга умуман тайёр эмас. мансабдор шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган, деб ёзади “12news” нашри.
Самарқандлик журналист Тошпўлат Раҳматуллаевнинг қайд этишича, электр энергияси кунига фақат 2-3 соатга берилмоқда, шаҳарнинг айрим мавзеларида ва қишлоқ жойларида чироқ суткалаб ёқилмайди, табиий газ билан боғлиқ вазият эса ундан ҳам ёмон.
Эслатиб ўтамиз, Anhor.uz таҳририяти пойтахтдаги электр энергияси ва газ таъминоти билан боғлиқ жиддий муаммоларни “Чироқ ва газ – фақат биздамас?” материалида тилга олганди.
Шарҳлар